Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Натижалар сарҳисоби юзасидан брифинг бўлиб ўтди
7214
Хабарингиз бор, жорий йилнинг 17 февраль куни муҳтарам Президентимиз ҳузурида “божхона маъмурчилигини янада такомиллаштириш ва соҳани коррупциядан холи тизимга айлантириш” бўйича устувор вазифаларга қаратилган видеоселектор йиғилишида ҳам божхона органларига бир қатор вазифа ва топшириқлар юклатилган эди.

Мазкур вазифаларни ижросини таъминлаш, мамлакатимиз иқтисодий хавфсизлигини ҳимоя қилиш, божхона тўловларини ундириш, тадбиркорлик субъектларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, “яширин иқтисодиёт”га қарши курашиш борасида бир қатор ишлар амалга оширилди.

Хусусан, Самарқанд вилоятининг ташқи савдо айланмаси 2022 йил январь-апрель ойларида 700,0 млн. АҚШ долларни ташкил этди. Шундан,

экспорт – 172,0 млн. АҚШ доллар (24,6%);

импорт – 528 млн. АҚШ доллар (75,4%)ни ташкил қилди.

Давлатимиз бюджетга 682,3 млрд. сўм божхона тўловлари ўтказилди ва божхона тўловлари ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 127,3 млрд. сўмга ёки 23 фоизга ошди.

Ишлаб чиқаришни рағбатлантириш, тадбиркорлик субъектлари ўртасида рақобат муҳитини ривожлантириш мақсадида 620 нафар ТИФ қатнашчиларига божхона тўловларидан 626,5 млрд. сўмлик имтиёзлар берилди.

Бундан ташқари, вилоятимиздаги 92 та ТИФ қатнашчиларига жами 227,4 млрд сўм божхона тўловларини 120 кунгача кечиктириб тўлашга рухсат берилди.

Жорий йилнинг ўтган даври мобайнида контрабанда ва божхона қонунбузилишига қарши курашиш йўналишида 379 та ҳуқуқбузарлик ҳолатлари фош этилиб, натижада 12,4 млрд. сўмлик товарлар ашёвий далил сифатида олиб қўйилди.

Қонун бузилиши ҳолатлари бўйича жами 8,2 млрд. сўмлик қўшимча божхона тўловлари ҳисобланиб, ундиришга қаратилди.

Аниқланган ҳолатлар юзасидан 19 та жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов органларига юборилган бўлса, 360 та ҳолатда эса ҳуқуқбузарларга нисбатан маъмурий ишлар юритилган.

Гиёҳвандлик воситаларининг қонунга хилоф муомаласига қарши курашиш масаласига алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Мазкур йўналишда 9 та ҳолат аниқланиб, жами 3 кг. 916,82 гр. гиёҳвандлик воситалари ҳамда 708 дона психотроп таблеткаларнинг ноқонуний айланмаси олди олинган.

5 та ҳолатда жами 1,5 млн. Россия рубли ҳамда 29 минг АҚШ доллардан зиёд нақд хорижий валюталарнинг Ўзбекистондан ноқонуний равишда олиб чиқиб кетилиши фош этилган.

Шунингдек, 118 та маъмурий ишлар илк маротаба “Е-Qaror” тизимида электрон шаклда юритилиб, вақт сарфи 15 кундан саноқли дақиқаларга қисқарди.

Яна бир янгилик – халқаро тажрибалар асосида жорий йилнинг 1 апрелидан бошлаб Республикамизда илк бор Самарқанд халқаро аэропортида “сезилмайдиган божхона назорати” тизими жорий қилинди.

Бунда йўловчилар республика ҳудудидан учиб кетишларида божхона хизматига бевосита дуч келмасдан, ҳатто божхона хизмати борлигини сезмасдан божхона назоратидан ўтишади.

Божхона ходимлари сунъий интеллектга асосланган ақлли камералар ва бошқа замонавий назорат техника воситалари ёрдамида ҳамда олдиндан тақдим қилинган маълумотлар хавфни бошқариш тизими орқали чуқур таҳлиллар асосида йўловчилар тоифаларга ажратиб олиниб, божхона назоратидан ўтказилади.

Ушбу тизим йўловчилар учун бир қатор қулайликларни тақдим этади:

- қонунга итоаткор ва ҳалол йўловчиларни тезкор тартибда пост орқали ҳаракатланишига имкон яратиб, вилоятимиз ҳудудига туристлар оқимини кўпайишига хизмат қилади;

- йўловчиларнинг вақти тежалади;

- аэропорт ҳудудида ҳаракатланиш бир мунча осонлашади;

- қонунга итоат қилувчи йўловчилар рағбатлантирилади.

Божхона расмийлаштируви жараёнида ҳам инсон омилини қисқартиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Жумладан, жорий йилнинг 27 апрель куни Самарқанд вилояти божхона бошқармаси биносида “Масофавий электрон декларациялаш” божхона пости ўз иш фаолиятини бошлади.

Ҳозирда тадбиркорлар электрон божхона юк декларацияларини масофавий тарзда расмийлаштирувини амалга оширишмоқда.

Хавф тизимини такомиллаштириш натижасида экспорт товарларини автоматик расмийлаштириш 14 баробарга ошди.

Тадбиркорларни автоматик тоифалаш имконини кенгайтириш мақсадида, божхона электрон тизими чегара, солиқ, адлия ва бошқа идоралар билан ўзаро интеграция қилинди.

Президентимиз томонидан илгари сурилган ташаббусга биноан ҳозирда вилоят божхона бошқармасига бириктирилган Самарқанд шаҳридаги 33-мактабда таҳсил олаётган ўқувчиларни божхона ишига қизиқишини ошириш, уларни касбга йўналтиришга қаратилган ишлар бошлаб юборилди.

Божхона соҳасидаги муаммоларни жойида ҳал этиш мақсадида, жойларда тадбиркорлар билан 24 маротаба сайёр учрашувлар ташкил этилди.

Божхона органлари фаолияти самарадорлигини янада оширишга қаратилган тадбирлар изчил давом эттирилмоқда.

Шу ўринда эслатиб ўтамиз, ҳурматли фуқаролар ва тадбиркорлар агар Сизнинг божхона соҳага оид таклиф ёки мурожаатингиз бўлса бошқарманинг 66-233-63-00 рақамли “Ишонч телефон” ига қўнғироқ қилишларингиз мумкин.

 Жасурбек Файзуллаев,
Самарқанд вилояти божхона бошқармаси бошлиғи ўринбосари,
божхона хизмати подполковниги

10.05.2022

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг