Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Жиззахда божхона соҳасига оид қабул қилинган Фармон ва Қарорларнинг мазмун-моҳияти тадбиркорларга етказилди
7453
Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Божхона ҳудудида қайта ишлаш божхона режими қўлланилишини соддалаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-115-сон Фармонининг мазмун-моҳиятини тадбиркорларга кенг етказиш ва унинг ижросини таъминлаш мақсадида Жиззах вилояти божхона бошқармасида тадбиркорлар ва божхона расмийлаштируви мутахассислари иштирокида учрашув ташкил этилди. Унда дастлаб бошқарма бошлиғининг биринчи ўринбосари Ё.Бозаров сўзга чиқиб, қабул қилинган мазкур Фармоннинг тадбиркорлик ривожи йўлида нечоғлик муҳим аҳамиятга эга эканлигини ва унинг ижобий афзалликлари тўғрисида батафсил тушунчалар бериб ўтди.
Жиззахда божхона соҳасига оид қабул қилинган Фармон ва Қарорларнинг мазмун-моҳияти тадбиркорларга етказилди

Таъкидланганидек, мазкур Фармон билан тадбиркорларга қўшимча қулайликлар жорий этилди. Мисол учун, эндиликда товарларни қайта ишлаш операциялари рўйхати қадоқлаш, ўраш, саралаш, тозалаш, бошқа товарларга мослаштириш ва ускуналарни модернизация қилиш хизматлари билан тўлдирилди.

Яратилган қулайликлардан бирига мисол сифатида кофе маҳсулотини олишимиз мумкин. Эндиликда, Бразилия ёки Мексика давлатларидан кофе маҳсулотини сотиб олиб, республика ҳудудида қадоқлаган ҳолда учинчи мамлакатга сотиш имконияти яратилди.

Айтайлик 100 кг кофени 100 АҚШ долларга сотиб олдингиз, уни Ўзбекистон Республикасида қадоқлашингиз натижасида 20 АҚШ доллар қўшимча қиймат қўшилди ва уни хорижий давлатга сотасиз.

Қўшилган қиймат бу сизнинг даромадингиз ҳисобланади.

Энг эътиборлиси, мазкур жараёнларни амалга оширишда тадбиркорлар ҳеч қандай божхона тўловлари тўламайди.

Шу билан бирга, товарлар экспортида қўлланиладиган божхона йиғимлари ставкалари, имтиёз (шу жумладан, темир йўл тарифлари бўйича), преференциялар, субсидия ва компенсацияларни қайта ишлашдан ҳосил бўлган тайёр маҳсулотлар реэкспортига ҳам татбиқ этиш белгиланмоқда.

Айтиш керак, илгари товарларни қайта ишлаш натижасида ҳосил бўлган маҳсулотларни реэкспорт қилганда тадбиркорларга бу даражада қулай енгиллик бўлмаган. Биргина мисол, буғдойни қайта ишлаш натижасида ҳосил бўлган ун маҳсулотини реэкспорт қилишда ташиш харажатига 1 тн унга 50 АҚШ доллари сарфланган бўлса, эндиликда 25 АҚШ доллари компенциация қилиб берилади.

Шунингдек, эндиликда қайта ишлаш бўйича тайёр маҳсулотларнинг чиқиш меъёрлари фақатгина тадбиркорлар томонидан белгиланиши жорий этилди.

Бугунги кунга қадар, қайта ишлаш маҳсулотларини чиқиш нормалари ваколатли орган томонидан амалга ошириларди. Шу сабаб, баъзи вақтларда тадбиркорлар қайта ишланадиган товарлари бўйича ваколатли органни топа олмасдан вақт йўқотишарди. Энди эса ушбу ваколат тадбиркорларнинг ўзига берилди.

Яна бир қулайликлардан бири, қайта ишлашдан ҳосил бўладиган чиқиндиларни “эркин муомалага чиқариш”да божхона божи қўлланилмайди. Бугунга қадар, товарларни божхона ҳудудида қайта ишлашдан ҳосил бўлган чиқиндиларни ички бозорга сотиш божхона божларини тўлаган ҳолда амалга ошириларди.

Тадбир давомида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 6 апрелдаги “Ўзбекистон республикаси божхона ҳудудига олиб кириладиган товарнинг божхона қийматини аниқлаш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги 160-сон Қарори мазмун-моҳияти борасида ҳам йиғилганларга тушунчалар берилди.

Якунда эса тадбир иштирокчилари мавзу юзасидан божхона ходимларига тегишли саволлар бериб, ўзларига керакли қўшимча маълумотларга эга бўлишди.

30.04.2022

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг