Валюталарни олиб чиқишда ҳам декларациялаш лозимми? Албатта, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 30 январьдаги 66-сон Қарорига мувофиқ жисмоний шахслар 70.000.000 сўм эквиваленти ёки ундан юқори бўлган нақд хорижий ва миллий валюталарни олиб чиқиш чоғида ёзма декларация тўлдиришлари лозим бўлади. Шунингдек, жисмоний шахслар фақат 100.000.000 эквивалентигача бўлган нақд ҳорижий валюталарни республика ҳудудидан олиб чиқишлари мумкин. Мазкур тартиб фақат нақд валюталарга тадбиқ этилади.
Ушбу меъёрдан юқори бўлган суммани Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган тартибда айрим турдаги жисмоний шахсларга олиб чиқишга рухсат берилади.
Мазкур тартибларга амал қилиниши устидан божхона органлари томонидан доимий назорат амалга оширилади.
Хусусан, “Тошкент” халқаро аэропорти” чегара божхона пости ходимлари томонидан хорижий авиарейс бўйича учиб кетаётган чет эл фуқароси Ч.Т.нинг юклари кўздан кечирилганида, улар орасида божхона назоратига тақдим этилмаган ва ёзма декларацияланмаган, меъёрдан ортиқча 17 300 АҚШ доллари миқдоридаги нақд хорижий валютаси борлиги аниқланди.
Юқорида келтирилган Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорига асосан чет эл фуқаролари Ўзбекистон Республикасига кириш чоғида расмийлаштирилган йўловчи божхона декларацияси асосида декларация қилинган маблағлар доирасида нақд хорижий валюталарни олиб чиқишлари мумкин. Яъни, мисол тариқасида чет эл фуқароси Ўзбекистон ҳудудига кириш чоғида ўзи билан 100 минг АҚШ доллари миқдорида нақд хорижий валютаси борлигини ёзма декларация асосида божхона органларига маълум қилади ва расмийлаштиради. Шундан сўнг, республика ҳудудини тарк этаётган чоғида мазкур декларация асосида расмийлаштирилган маблағларни ҳеч қандай тўсиқларсиз олиб чиқиб кетади.
Такидлаш лозим, жорий йилнинг ўтган даври мобайнида “Тошкент халқаро аэропорти” чегара божхона пости ҳодимлари томонидан аниқланган 61 та божхона қонунчилиги бузилиши ҳолатларида 8 миллиард 609 миллион сўм эквивалентидаги нақд хорижий валюталарни ноқонуний олиб ўтилишини олди олинган.
"Тошкент" АЭРО ИБК
Ахборот хизмати
30.04.2022