Тошкент вилоятида ўқувчи ёшларни божхона соҳасига қизиқтиришга қаратилган тарғибот тадбирлари давом эттирилмоқда. Тошкент вилояти божхона бошқармаси томонидан Нурафшoн шаҳридаги IT – технологияга ихтисослаштирилган 9-сонли умумтаълим мактаби ўқувчиларининг божхона органларига қизиқишини ошириш, уларни ҳарбий ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурматини ошириш мақсадида тизимли ишлар амалга оширилмоқда.
Жумладан, мактаб ўқувчилари учун Тошкент шаҳрида жойлашган Божхона институтига саёҳат уюштирилди.
Ўқувчиларга Божхона институти тарихи тўғрисида, божхона соҳаси, унинг мақсад ва вазифалари, Божхона институтига қабул жараёнлари ҳақида маълумотлар берилди.
Божхона институтининг ўқув хоналари дастурий таъминот билан жиҳозланган компьютер хоналари, жанговар шайлик ва ўқ отиш жойлари, кутубхона, курсантларни ўқишдан ташқари бўш вақтларида спорт билан шуғулланиш учун яратилган шароитлар, ошхона, ётоқхона ва бошқа бинолар батафсил кўрсатилди.
Ўқувчилар учун, Божхона институт курсантларининг жанговар машқларининг саҳна кўриниши ҳам кутилмаган туҳфа бўлди, бу саҳна кўринишидан сўнг, ўқувчиларнинг божхона соҳасига қизиқиши янада ошди.
Институтнинг маънавият залида институтда амалга оширилган ишлар ва эришилган ютуқлар тўғрисида ўқувчиларга Божхона институти масъул ходимлари кенг тушунтирди.
Ўқувчилар Божхона институти экскурсиясидан сўнг катта тассуротлар билан қайтишди.
Тошкент вилояти божхона бошқармаси
Ахборот хизмати
30.04.2022