Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
“Ҳазорасп” эркин иқтисодий зона иштирокчилари ва Тупроққалъа тумани тадбиркорлари муаммоларига ечим изланди
7351
Юртимизда тадбиркорликни ривожлантириш орқали халқ фаровонлигини ошириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ҳамда давлат бюджетига тушумларни кўпайтириш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ижроси доирасида божхона органлари томонидан қатор мақсадли тадбирлар амалга оширилмоқда.
“Ҳазорасп” эркин иқтисодий зона иштирокчилари ва Тупроққалъа тумани  тадбиркорлари муаммоларига ечим изланди

Бу борада, божхона расмийлаштирувини амалга ошириш жараёнида ҳалол фаолият олиб борувчи тадбиркорларимизга енгилликлар берилиб, қулай шароитлар яратилмоқда. Бу каби қулайлик ва имтиёзлар ҳақида кенг тушинтириш ишларини олиб бориш, юзага келаётган муаммоларни бевосита жойларга чиқиб ҳал қилиш, улар томонидан билдирилаётган ташаббус ва таклифларни ўрганиш мақсадида “Ҳазорасп” эркин иқтисодий зона иштирокчилари ва Тупроққалъа туманининг бир гуруҳ тадбиркорлари иштирокида сайёр учрашув ўтказилди.

Учрашувда Давлат божхона қўмитаси Божхона аудити бошқармаси бошлиғи У.Қосимов ҳамда вилоят божхона бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари М.Уразалиевлар иштирок этди.  

Дастлаб, вилоятнинг Тупроққалъа туманида 2019 йилда қад ростлаган “New Best Style” МЧЖ фаолияти билан танишилди. Ушбу корхона юртимизнинг энг чекка ҳудудида ҳам бренд яратиш мумкинлигини исботлаб берган десак муболаға эмас. “Max Decor” савдо белгиси остида юртимиз учун жуда танқис ҳисобланган гулқоғозлар ишлаб чиқарилмоқда.

Бугунги кунда юртимиз бозорларидаги гулқоғоз асосан импорт қилиб келинмоқда. Тупроққалъада ишлаб чиқарилаётган маҳсулот эса сифати жиҳатидан ҳеч бир хорижий рақобатдошидан қолишмайди. “Max Decor” гулқоғозларини бемалол ювиб, тозалаш мумкин. Айнан шу жиҳатига кўра ушбу корхона юртимизда ягона ҳисобланади.

“New Best Style” корхонаси томонидан ишлаб чиқарилаётган гул қоғозларга бўлган талаб нафақат юртимиз, балки қўшни давлатлар бозорида ҳам талаб юқори. Хитой давлатининг “Kapros Group” ҳамда “Yien” сингари етакчи гулқоғоз ишлаб чиқарувчи корхоналар кўмагида ташкил этилган.

Шунингдек, корхонага “Ўзмиллийбанк” томонидан ажратилган 1 млн. 178 минг АҚШ доллари миқдордаги кредит эвазига Хитой давлатидан гулқоғоз ишлаб чиқариш ускуналари линияси сотиб олинган. Мазкур ускуналар ёрдамида ички бозорга юқори сифат ва нозик дид билан ишланган гулқоғоз маҳсулотлари етказиб берилмоқда.

Корхона йилига тўлиқ қувватда ишлаганда 1 млн. 200 минг дона гулқоғоз ишлаб чиқариш қувватига эга бўлиб, бугунги кунда корхонада 150 нафар маҳаллий аҳоли иш билан таъминланган.

Экспорт ҳажми эса 2021 йил давомида ва жорий йилнинг ўтган даврида 3 млн. АҚШ долларига яқин бўлган маҳсулотлар Россия, Қозоғистон, Тожикистон, Озарбайжон, Грузия, Туркманистон, Қирғизистон давлатларига экспорт қилинмоқда.

Учрашувда таъкидланганидек, сўнги уч йилда божхона маъмурчилигини ислоҳ этиш, божхона органлари фаолиятини янада такомиллаштириш ҳамда самарадорлигини ошириш, “Рақамли божхонани” шакллантириш, шунингдек, божхона иши соҳасидаги умумэътироф этилган халқаро норма ва стандартларни миллий қонунчиликка имплементация қилиш мақсадида соҳага оид 140 дан ортиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди.

Учрашув давомида 2021 йил 14 сентябрда қабул қилинган “Махсус иқтисодий зоналар иштирокчиларини қўллаб-қуввтлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги
ПҚ–5243 сонли Президент қарори мазмун-моҳияти билан таништирилди.

Ушбу фармон билан, 2020 йил 1 январдан бошлаб:

- махсус иқтисодий зоналар иштирокчиларига фойда солиғи бўйича имтиёзлар бекор бўлганлиги муносабати билан мазкур солиқ имтиёзларининг фойдаланилмай қолган қисми 2020 йил 1 октябрга қадар;

- махсус иқтисодий зона иштирокчиларининг реестрига киритилган иштирокчилар учун, улар томонидан киритилган инвестициялар ҳажмидан келиб чиққан ҳолда, улар реестрга киритилган санадан бошлаб, 3 йилдан 10 йилгача бўлган муддатларда тўлиқ қўлланилиши;

- махсус иқтисодий зоналар иштирокчиларига, 2021 йил 15 сентябрдан бошлаб маҳсулот ишлаб чиқаришда ва ўз эҳтиёжлари учун фойдаланиладиган бутловчи буюмлар, хом-ашё ва материалларни импорт қилганда қўшилган қиймат солиғи ва божхона божини фоизлар ҳисобланмаган ва уларнинг тўланишини таъминлаш талаб этилмаган ҳолда 120 кунгача муддатга кечиктириб (бўлиб-бўлиб) тўлаш ҳуқуқи берилганлиги маълум қилинди.

Шунингдек, махсус иқтисодий зоналар иштирокчилари учун яратилган бу каби қулайлик, яъни божхона тўловларини 120 кунгача муддатга кечиктириб (бўлиб-бўлиб) тўлаш ҳуқуқидан унумли фойдаланиш бўйича тавсиялар берилди.

У.Қосимов сўзида давом этиб, 2020 йил 5 июндаги “Божхона маъмуриятчилигини ислоҳ этиш ва Ўзбекистон Республикаси давлат божхона хизмати органлари фаолиятини такомиллаштириш тўғрисида” ПФ-6005-сон Фармонига мувофиқ, Давлат божхона қўмитасига божхона назорати шакли сифатида товарлар чиқариб юборилгандан кейин ташқи иқтисодий фаолият иштирокчилари фаолиятини баҳолаш ҳамда уларнинг товарлар ва транспорт воситалари чиқариб юборилгандан кейинги ҳисобини текширишни назарда тутувчи божхона аудитини амалга ошириш бўйича қўшимча вазифа юкланганлиги, ушбу вазифаларни амалга ошириш бўйича Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 15 февралдаги “Божхона аудитини ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги 101-сон қарори билан божхона аудитини амалга ошириш тартиби белгиланганлиги тўғрисида маълумот берилди.

Шу билан бирга, 2021 йил 23 ноябрдаги “Оролбўйи минтақасида тадбиркорликни жадал ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-25-сонли Президенти фармони билан 2025 йил 1 январгача Хоразм вилоятининг Тупроққалъа, Янгиариқ, Янгибозор туманларида янги ташкил этиладиган ва шу туманларда рўйхатдан ўтган ҳолда фаолият кўрсатадиган тадбиркорлик субъектлари (кластерлар бундан мустасно) бўйича ҳам тушунтиришлар бериб, унга кўра:

- фойда солиғи, юридик шахслардан олинадиган ер солиғи, юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ ставкаларини 50 фоизга камайтириш;

- улар томонидан белгиланган тартибда шакллантириладиган рўйхат бўйича Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилмайдиган ўз ишлаб чиқариш (хизмат кўрсатиш) эҳтиёжлари учун олиб кириладиган хом-ашё, материалларни божхона божидан озод қилиш;

- Хоразм вилоятида янги барпо этилаётган боғлар, токзорлар ва тутзорлар эгаллаган ерларга, дарахтларнинг қатор ораларидан қишлоқ хўжалиги экинларини экиш учун фойдаланилишидан қатъи назар, юридик шахслардан олинадиган ер солиғини тўлаш бўйича имтиёзли даврни беш йил этиб белгилаш тўғрисидаги таклифлари маъқулланганлигини мисоллар орқали иштирокчилар эътиборига етказилди.

Шу билан бирга, экспортни рағбатлантириш агентлиги томонидан 2022 йил 1 январдан 2027 йил 1 январгача Оролбўйи минтақасида фаолият юритаётган:

- кичик тадбиркорлик субъектларига корхона қурилиши учун зарур бўлган асбоб-ускуна ва техникаларни республиканинг бошқа ҳудудларидан олиб келиш ҳамда улар томонидан ишлаб чиқарилган юқори қўшилган қийматга эга маҳсулотларни республиканинг бошқа ҳудудларига етказиб бериш билан боғлиқ темир йўл транспортида ташиш ҳаражатларининг 50 фоиз қисмини қоплаб берилиши;

- маҳаллий экспортчилар томонидан ишлаб чиқарилган юқори қўшилган қийматга эга маҳсулотларни экспорт қилишда, уларнинг Каспий денгизигача ташиш билан боғлиқ транспорт ҳаражатларини тўлиқ қоплаб бериш тартиби жорий этилганлигини маьлум қилинди.

Очиқ ва самимий руҳда бўлиб ўтган сайёр учрашувда эркин иқтисодий зона қатнашчилари ҳамда тадбиркорлар томонидан божхона соҳасидаги мавжуд муаммолар ва уларни бартараф этиш бўйича таклифлари тингланиб, ўзларини қизиқтирган саволларга мутахассислар томонидан батафсил жавоб олишди.

Учрашув сўнгида, тадбиркорлар ҳамда кенг жамоатчилик вакилларида божхона соҳасига оид ҳар қандай савол, тушунмовчиликлар пайдо бўлган тақдирда ёки ходимларнинг ноқонуний ҳаракатлари билан боғлиқ ҳолатларга гувоҳ бўлганларида Давлат божхона қўмитасида узлуксиз фаолият кўрсатаётган қисқа
11-08 ҳамда вилоят божхона бошқармасининг (62) 227-70-11 рақамли телефон рақамлари орқали мурожаат қилишлари мумкинлиги эслатиб ўтилди.

Хоразм вилояти божхона бошқармаси
Ахборот хизмати

29.04.2022

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг