Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Божхона аудити — Ҳалол тадбиркорларнинг ҳимоя тизимидир!
808
Божхона аудити — бу товарларнинг эркин муомалага чиқариб юборилганидан кейинги божхона назорати ҳисобланиб, ушбу йўналиш бугунги кунда бутун дунёда кенг кўламли амалиётга жорий этилган.

Ҳа, албатта, божхона расмийлаштируви ва божхона назоратининг янги ва соддалаштирилган шакллари тадбиркорларнинг қизиқишлари доирасидан четда қолмаган. Ўтган давр мобайнида божхона тизимида кўплаб ўзгаришлар ва тадбиркорлик субъектлари учун кўплаб қулайликлар яратилди.

Жумладан, тадбиркорлар орасидаги ўтказилган сўровномаларга кўра, улар учун яратилган қулайликлар орасидаги энг муҳими ва энг афзали бу БЮДларнинг “Қизил”, “Сариқ”, “Яшил” ва “Кўк” йўлакларга ажратилиш амалиёти жорий этилишидир. Божхона аудити ҳам келажакда тадбиркорлар ва давлатимиз иқтисодиётига ҳатто бунданда кўпроқ афзалликлар бера олади.

Келинг, Сиз билан Божхона аудитининг тадбиркорлик субъектлари иш фаолияти ва давлатимизнинг иқтисодий ривожланишидаги муҳим роли тўғрисида суҳбатлашамиз!

Қайд этиш жоизки, божхона аудитининг мақсади нафақат ТИФ қатнашчиларининг молия-хўжалик фаолияти юритишининг ҳаққонийлигини текшириш, балки унда ҳисоб юритиш сиёсатини такомиллаштириш бўйича тавсиялар ишлаб чиқиш, тўғри ҳисоблаш тизимини йўлга қўйиш ва божхона расмийлаштируви қоидаларини соддалаштиришдан иборат. Биламизки, иқтисод ва бозор тамойили бор жойда бухгалтерия ва аудит сиёсати албатта бўлади, хусусан, божхона сиёсати ҳам айнан давлатимизнинг иқтисодий манфаатларини ҳимоя қилишини инобатга олсак замонавий божхона тизимини божхона аудитисиз тасаввур қилиб бўлмайди.

Муҳтарам президентимиз Ш.М.Мирзиёев таъбири билан айтганда, “Ҳалол тадбиркор - давлатимиз суянчиғидир”. Шу аснода, ҳукуматимизнинг тегишли қарорларига биноан, тадбиркорлик субъектларини янада қўллаб-қувватлаш, уларга ўз фаолиятларини кенгайтириб, жаҳон бозорларига рақобатбардош маҳсулотлар етказиб беришни таъминлаш мақсадида божхона тўловларидан имтиёзлар тақдим этилмоқда.

Хусусан, 2021 йил мобайнида Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармаси томонидан ТИФ қатнашчиларига 270 млрд. сўмга яқин божхона тўловларидан имтиёз тақдим этилганлигини ҳисобга олсак, тадбиркорлик субъекти ўз фаолиятини кенгайтириб, рақобатга дош берувчи маҳсулот ишлаб чиқариши ва янада янги иш ўринлари яратиши учун қулай имконият яратилди деганидир.

Аммо, афсуски, ушбу имтиёзлардан нотўғри фойдаланиб, ҳалол тадбиркорлик ниқобида давлатимизнинг иқтисодий манфаатларини менсимасдан ўзининг нопок фаолиятини юритиб келаётган ТИФ қатнашчилари ҳам йўқ эмас.

Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармаси Контрабандага қарши курашиш ва божхона аудити бўлими, божхона аудити гуруҳи томонидан 2021 йил январь ва 2022 йил апрель ойлари оралиғида жами 7,6 млрд. сўм божхона тўловларини тўланмаслик ва берилган имтиёзлардан нотўғри фойдаланиш ҳолатлари аниқланиб, шундан 5,1 млрд. сўм қўшимча божхона тўловлари давлатимиз бюджетига ўтказилди ва қолган қисмини ундириш масалалари Иқтисодий судларда кўриб чиқилмоқда.

Бундай тадбиркорларни аниқлаш ва ҳалол тадбиркорларга янада қулайликлар яратиш орқали давлатимиздаги иқтисодий муҳитни монополиядан ҳоли тизимга айлантириш имконияти яратилади.

Божхона аудити тизимининг яратилиши асосан тадбиркорлик тизимига баҳо бериш ва ҳалол тадбиркорлик субъектларини ривожланиши учун кўмаклашиш ҳамда ўзида учраб келаётган камчиликларни тузатиб, келажакда молиявий хатоликларни олдини олишга қаратилганлигини таъкидлаш жоиз.

Дадахон Ҳимматов, 
Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармаси 
Контрабандага қарши курашиш ва божхона аудити бўлими 
ходими

 

29.04.2022

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг