Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармаси ходимлари томонидан фош этилган навбатдаги ҳолатда, қўлбола усулда тайёрланиб, қалбаки акциз маркалари ёпиштирилган алкогол маҳсулотларининг ноқонуний савдосига чек қўйилди.
Бошқарманинг Контрабандага қарши курашиш ва божхона аудити бўлими ходимлари томонидан “Нокис вино заводи” АЖ ва Хўжайли тумани ИИБ ходимлари билан биргаликда ўтказилган тезкор тадбир давомида Хўжайли туманидаги автомобилларга газ қуйиш шаҳобчаси ёнида фуқаро М.А. жами 30 блокда 162 литр қўлбола усулда тайёрланган, қалбаки акциз маркалари билан қадоқланган алкоголь маҳсулотларини шартли харидорга сотаётганда тўхтатиб қолинди.
Тезкор тадбир давом эттирилиб, олинган тезкор маълумотлар асосида мазкур туманда истиқомат қилувчи фуқаро М.Гнинг хонадони холислар иштирокида кўздан кечирилганида, ёрдамчи хоналаридан биридан “ЯМА” сифатида фойдаланилиб келинаётганлиги ҳамда ҳар хил ўлчамдаги шиша идишларида жами 380 литр қўлбола усулда тайёрланган алкоголь маҳсулотлари мавжудлиги аниқланди.
Ўтказилган кенг қамровли тезкор тадбир давомида жами 1123 шиша идишлардаги 542 литр қўлбола усулда тайёрланган, қалбаки акциз маркалари бўлган “Қаратау” номли ароқлар ашёвий далил тариқасида олиниб, тегишли процессуал ҳужжатлар расмийлаштирилди.
Мазкур ҳолат юзасидан божхона органлари томонидан терговга қадар суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармаси
Ахборот хизмати
29.04.2022