Юқори мартабали меҳмонни қабул қилар экан, Давлат божхона қўмитаси раҳбарияти сўнгги йилларда Ўзбекистон ва Корея ўртасидаги дўстона муносабатлар ташқи савдо алоқаларида ҳам ўзининг муносиб ифодасини топаётганлигини қайд этди.
Элчи жаноблари Ким Хи Санг Ўзбекистон божхона тизимида сўнгги 5 йил давомида амалга оширилган кенг кўламли ислоҳотлар ва маъмурий ўзгаришларни юқори баҳолади.
Айниқса соҳада коррупцияга қарши кураш, чегара божхона постларининг шарт-шароитларини тубдан яхшилаш, тизимда янги инфраструктурани ишлаб чиқиш, божхона юк-операцияларини амалга оширишда инсон омилини кескин қисқартириш ва тизимни тўлақонли рақамлаштиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Учрашувда 2022 йил 26 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан божхона соҳасини янада такомиллаштиришга қаратилган янги фармоннинг имзоланиши ҳам соҳага кўрсатилаётган юксак эътиборнинг намунаси сифатида эътироф этилди.
Элчи Ким Хи Санг ташриф давомида Давлат божхона қўмитасининг “Божхона тарихи” музейи ҳамда Ситуацион марказ фаолияти билан ҳам яқиндан танишди.
28.04.2022