Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Божхона институтида илмий-амалий давра суҳбати бўлиб ўтди
7148
Давлат божхона қўмитасининг Божхона институтида “Божхона хизматларини рақамлаштиришнинг замонавий тенденциялари: назарий ёндашувлар ва амалий тажрибалар” мавзусида Республика илмий-амалий давра суҳбати бўлиб ўтди.
Божхона институтида илмий-амалий давра суҳбати бўлиб ўтди

Унда Давлат божхона қўмитасининг Божхона институти профессор-ўқитувчилари, курсантлари, амалиётчи мутахассислар, жумладан, Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси соҳавий бошқармалари, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Интеллектуал мулк агентлиги, Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳузуридаги Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги, Божхона брокерлари уюшмаси, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Тадбирни Институт бошлиғининг биринчи ўринбосари Ж.Қодиров кириш сўзи билан очиб берди.

Илмий-амалий давра суҳбатида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан 2022 йил 17 февраль куни Ўзбекистон Республикаси божхона тизимини янада ислоҳ қилиш ва коррупциядан холи соҳага айлантириш борасида рақамли иқтисодиёт доирасида замонавий ва илғор ахборот-коммуникация технологияларини божхона соҳасига жорий этиш орқали божхона органлари фаолияти шаффофлиги ҳамда самарадорлигини таъминлашга йўналтирилган, белгилаб берилган бир қатор янги вазифалар ижроси юзасидан амалиётчи мутахассисларнинг бой тажрибалари, улар раҳбарлик қилаётган муассасаларда амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳамда профессор-ўқитувчилар ва ёш тадқиқотчиларнинг илмий-назарий қарашлари таҳлил қилинди.

Хусусан, ташқи иқтисодий фаолиятни янада жадаллаштириш ва инвестицияларни фаол жалб этиш борасида:

- барча халқаро аэропортларда “божхоначисиз назорат” тизимини ишга тушириш;

- божхона юк декларациясини расмийлаштиришда тадбиркор билан бевосита мулоқотсиз, масофавий амалга ошириш;

- товарларнинг ТИФ ТН коди ва божхона қийматини белгилаш, божхона тўловларидан имтиёзли декларация расмийлаштиришда коррупцион хавфлар автоматлашган тизим орқали аниқлаш;

- барча электрон божхона хизматларини “Ягона дарча” тизими орқали кўрсатиш;

- божхона кўриги жараёнини тўлиқ қамраб олган электрон тизимни ишга тушириш каби белгиланган вазифалар ижросини таъминлашга  алоҳида эътибор қаратилди.

Шунингдек, тадбирда сўзга чиққан маърузачилар томонидан илмий-амалий давра суҳбатида иштирок этаётган тизимнинг барча ёш авлод вакилларига:

- техник жиҳатдан тартибга солиш тизимини рақамлаштириш борасида тадбиркорлик субъектларига метрология, стандартлаштириш, аккредитация, сертификатлаштириш бўйича кўрсатилаётган хизматларни ягона интерактив хизматлар портали орқали янгилаш;

- интеллектуал мулк объектларини рўйхатга қўйиш, божхона органлари билан ҳамкорликда интеллектуал мулк объектлар реестрини юритиш;

- ТИФ субъектлари, яъни бизнес юритиш вакилларининг божхона тартиботлари рақамлаштирилаётганлиги билан яқиндан таништириш
ва уларнинг ҳуқуқий саводхонлигини оширишда божхона институти билан ҳамкорликда қисқа метражли роликлар тайёрлаш;

- мобиль иловалар яратиш, жойларга чиқиб ўқув курсларини жорий қилиш;

- тизимни рақамлаштириш борасидаги ғоя ва ташаббуслари қўллаб-қувватлаш бўйича фикр-мулоҳазалар билдирилди, таклиф ва тавсиялар берилди.

Энг асосийси, божхона хизматларини рақамлаштиришнинг нафақат мамлакат миқёсида, балким халқаро даражадаги устувор вазифаларга ҳам дахлдор эканлиги борасида ҳам мулоҳазалар муҳокама қилинди.

Юқорида муҳокама қилинган вазифалар қаторида магистрант ва курсантларнинг божхонага ёндош турли соҳалардаги хизматларни рақамлаштириш бўйича ҳам амалдаги билим ва кўникмаларни оширишга оид қизғин ва конструктив баҳс-мунозаралар бўлиб ўтди.

Илмий-амалий давра суҳбатида амалиётчи соҳа мутахассислари, профессор-ўқитувчилар, илмий-тадқиқотчилар ўз тизимлари фаолиятида амалга оширилаётган ислоҳотлар, тўплаган бой тажрибаларини курсантлар билан ўртоқлашдилар. Қатнашчилар ўзларини қизиқтирган саволларга аниқ ва пухта жавоб олишди. Тадбирда билдирилган таклиф-мулоҳазалардан келиб чиқиб мазкур масала юзасидан келгуси илмий-амалий тадбирлар режаси белгилаб олинди.

25.04.2022

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг