Шунингдек, тадбирга журналистларнинг фарзандлари ҳамда пойтахтимиздаги 114-сон ва 127-сон умумтаълим мактабларининг бир гуруҳ ўқувчилари таклиф қилинди.
Хабарингиз бор, 2022 йил 17 февраль куни Президент Шавкат Мирзиёев ҳузурида божхона маъмурчилигини янада такомиллаштириш ва соҳани коррупциядан холи тизимга айлантириш бўйича ўтказилган йиғилишда мактаб ўқувчиларини божхона органлари фаолиятига қизиқтириш, уларга соҳани яқиндан таништириш юзасидан топшириқ берилган эди.
Мазкур топшириқ ижроси доирасида сўнгги икки ой давомида Марказга пойтахтимиздаги 20 дан зиёд мактабларнинг ўқувчилари учун экскурсиялар ташкил қилинган.
Ўзига хос форматда ташкил қилинган бу галги тадбирни дастлаб мактаб ўқувчиларининг ва Божхона институтининг бадиий чиқишлари бошлаб берди.
Шу ернинг ўзида мактаб ўқувчилари ўртасида қуролларни сочиб қайтадан йиғиш бўйича беллашув ўтказилди.
Кинология соҳаси тарихи бўйича қизиқарли саволлар викторинаси ҳам қизғин кечди. Билимдон ўқувчиларга тадбир давомида эсдалик китоблар совға қилинди.
Дарвоқе, шу ерда болалар адабиёти бўйича энг сўнгги нашр қилинган китоблар ярмаркаси ҳам уюштирилди.
Тадбирнинг кульминацион нуқтаси кинологлар ва хизмат итларининг кўргазмали чиқиши бўлди.
Кинологнинг топшириқларига қатъий буйсунаётган, яширилган гиҳвандлик воситаларини бир зумда излаб топаётган ва шартли террорчини ушлашда шиддат билан ҳаракат қилаётган хизмат итлари ўқувчиларда ёрқин таассурот қолдирди.
Марказ бўйлаб ташкил этилган экскурсияда эса журналистлар ва ўқувчилар бу ерда яратилган шарт-шароитлар билан танишишди.Эндигина туғилган жажжи кучукчалар билан бирга фотосуратга тушиш болажонлар учун қизиқарли бўлди.
Эслатиб ўтамиз, Давлат божхона қўмитасининг Миллий кинология маркази Жаҳон божхона ташкилотининг минтақавий мақомини қўлга киритган. Дунёб ўйлаб бундай мақомга эга марказлар дунёнинг 15 га яқин мамлакатларида бор, холос.
Ушбу ноёб ва Марказий Осиёда ягона бўлган марказ зиммасига Ўзбекистон ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг кинология хизматларини услубий таъминлаш, малакали кинологларни ва наслдор хизмат итларини тайёрлаш ва қайта тайёргарликдан ўтказиш каби вазифалар юклатилган.
Бугунги кунда, халқаро тажрибалардан келиб чиқган ҳолда кинологлар 11 та (гиёвандлик воситаларини, кучли таъсир қилувчи дори воситалари ҳамда психотроп моддаларни, қурол-яроқ, ўқ-дори ва портловчи моддаларни, валюта қимматликларини, тамаки маҳсулотларини, мина қидирув, из-қидирув, ҳимоя-қоровул хизмати, қидирув-қутқарув хизмати, антитеррор, ўсимлик ва ўсимлик уруғларини қидириш) йўналишлар бўйича ўқитилиб, хизмат итлари ўргатиб келинмоқда.
2017-2021 йил ва 2022 йилнинг ўтган даврида хизмат итлари питомниги туғруқ комплексида 250 дан ортиқ кучук болалари туғилган. Ҳозирда хизмат итлари питомнигида немис овчаркаси, Ўрта осиё овчаркаси, лабрадор, инглиз коккер-спаниели, рус спаниели, Белгия овчаркаси (малинуа) зотларига мансуб зотдор итлар мавжуд бўлиб, мос келувчи махсус йўналишлар бўйича хизматга тайёрланади.
Миллий кинология маркази томонидан мамлакатимизнинг нафақат Давлат божхона қўмитаси таркибий тузилмаларида балки бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларда хизмат олиб бориш учун 1,5 мингга яқин кинологлар ўқув курсларидан ўтказилиб хизмат итлари тайёрлаб берилган.
23.04.2022