Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Мактаб ўқувчилари ўртасида “Божхона бошқармаси бошлиғи кубоги” спорт мусобақалари ўтказилди
7417
Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси ҳамда Халқ таълими вазирлиги ўртасида имзоланган қўшма қарор ижроси юзасидан Самарқанд вилояти божхона бошқармаси томонидан шаҳардаги 33-сонли умумий ўрта таълим мактабининг 7-11 синф ўқувчилари ўртасида спортнинг шахмат ва шашка тури бўйича “Божхона бошқармаси бошлиғи кубоги” мусобақаси ўтказилди.
Мактаб ўқувчилари ўртасида “Божхона бошқармаси бошлиғи кубоги” спорт мусобақалари ўтказилди

Мусобақада иштирок этиш истагида бўлган ўқувчи-ёшлар кўпчиликни ташкил этиши бизни ҳайратлантирди. Бу ижобий натижа албатта. Бежизга шахматни ақл чархи деб аташмайди. Шахмат ҳар қандай вазиятда ақл билан иш кўришга ўргатади. Шахматни билган ўқувчи ўрганган билимларини пухта ўзлаштириб, онгига сингдириб боради. Умуман, шахмат инсонни ҳаёт синовларига бардошли қилиб тарбиялайди. Ҳеч қачон тушкунликка тушиб, чорасиз қолмайди, балки ҳар қандай вазиятдан оқилона чиқиб кетади.
Қизиқарли ва муросасиз кечган беллашувларда спортнинг шашка тури бўйича “Божхона бошқармаси бошлиғи кубоги”да 3-ўринни 9 “Д”-синф ўқувчиси Муҳиддинова Фарангиз, 2-ўринни 9 “А”-синф ўқувчиси Аминжонов Улуғзот ва 1-ўринни 10 “Г”-синф ўқувчиси Дониёров Азизбек қўлга киритди.
Шунингдек, шахмат мусобақасида ҳам муносиб ғолиблар аниқланди. Натижаларга кўра, 3-ўрин 9 “Г”-синф ўқувчиси Жўрақулова Хадичабону, 2-ўрин 9 “Д”-синф ўқувчиси Ибодуллаев Самандар ва 1-ўрин 10 “Б”-синф ўқувчиси Сирожқулов Муҳаммадали ғолиб деб топилди.
Мусобақа якунида, барча совриндорларга диплом, медаль, эсдалик совғалар ва бошқарма бошлиғининг кубоги топширилди.
Қувонарлиси мусобақада қуйи синф ўқувчилари ҳам катталардан қолишмай фаол иштирок этишди. Демак, ўқувчи-ёшларимиз спортга бефарқ эмасликлари аён бўлди.
Келажакда божхоначилар ҳамда мактаб жамоаси ҳамкорликда кўплаб тадбирларни ўтказиб олишни режалаштирган. Асосий мақсад, ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш – миллати, тили ва касбидан қатъи назар, ёшларда Ватанга садоқат туйғусини шакллантиришдан иборат.

Самарқанд вилояти божхона бошқармаси
ахборот хизмати

22.04.2022

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг