Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Мамлакатимиз божхона соҳасида коррупцияга қарши курашнинг ҳуқуқий асослари тизимли равишда мустаҳкамлаб борилмоқда
1188
Маълумки, жорий йилнинг 17 февраль куни Президентимиз Шавкат Мирзиёев ҳузурида 2022 йилда божхона маъмурчилигини янада такомиллаштириш ва соҳани коррупциядан холи тизимга айлантириш бўйича устувор вазифаларга бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.

Унда келгусида божхона органлари томонидан бажарилиши лозим бўлган устувор вазифалар белгилаб берилди.

Хусусан, божхонада “коррупциядан холи” дастурини амалга ошириш юзасидан тегишли кўрсатмалар берилди.

Бугунги кунга келиб, тизимда коррупцияга қарши курашиш, шаффофликни таъминлаш, бу борада манфаатлар тўқнашувини аниқлаш ва тегишли таъсир чораларини кўришга қаратилган зарур ҳамда самарали ишлар амалга оширилди.

Ушбу йўналишда ўндан ортиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилиниб, амалиётга жорий этилди.

Жумладан, тегишли буйруқ билан “Давлат божхона хизмати органлари алоқа каналлари орқали коррупциявий хатти-ҳаракатлар тўғрисида келиб тушган хабарларни қабул қилиш ва кўриб чиқиш Регламенти” тасдиқланди. Регламентнинг мақсади, коррупцияга қарши курашиш, манфаатлар тўқнашувини аниқлаш ва тегишли таъсир чораларини кўришга қаратилган чора-тадбирларнинг самарадорлигини оширишдан иборат.

Давлат божхона қўмитасининг яна бир буйруғи билан “Коррупцияга қарши тартиб таомилларнинг самарадорлигини мониторинг ва назорат қилиш ҳамда ҳисоботларни шакллантириш ва тақдим этиш услубиёти” тасдиқланди. Ушбу услубиётнинг мақсади эса, божхона органлари фаолиятининг коррупцияга қарши қабул қилинган талабларга мувофиқлигини текшириш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, ушбу соҳада татбиқ этилган тартиб-таомилларнинг бажарилишини баҳолаш, камчиликларни аниқлаш ва бартараф этиш, комплаенс тизимини такомиллаштиришдан иборат.

Шунингдек, навбатдаги буйруқ билан “Ходимларни одоб-ахлоқ қоидалари ва коррупцияга қарши курашиш соҳасида ўқитиш бўйича йўриқнома” тасдиқланди. Мазкур Йўриқнома божхона органлари ходимларини коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги янгиликлар, ислоҳотлардан хабардор бўлиши, билим савиясини ошириб боришни тизимли ташкил этишга хизмат қилади.

Мазкур йўналишда Қашқадарё вилояти божхона бошқармаси раҳбарияти ва масъул таркибий тузилмалари томонидан ходимлар ўртасида коррупция ва турли қонунбузарлик ҳолатларини олдини олишга қаратилган қатор тадбирлар ҳамда тушунтириш ишлари амалга оширилмоқда.

Бундан ташқари, тизимга яқинда қабул қилинган ёш ходимлар онгига қасамёдига содиқ бўлишлари, ватан олдидаги бурчларини ҳалол ва виждонан, ўз билимига таяниб, коррупцияга йўл қўймасдан бажаришлари сингдирилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, божхона қонунбузилиши ҳолатлари рўй берганида Давлат божхона қўмитасининг қисқа 11-08 ҳамда Қашқадарё вилоят божхона бошқармасининг (75) 221-04-80 рақамли ишонч телефонларига мурожаат этишингиз мумкин.

 

Қашқадарё вилояти божхона бошқармаси
Ахборот хизмати

22.04.2022

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг