Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Давлат божхона қўмитаси Раиси Акмалхўжа Мавлонов Қашқадарёда
7610
Муҳтарам Президентимизнинг Қашқадарё вилоятига амалга ошираётган ташрифлари доирасида Давлат божхона қўмитаси раиси Акмалхўжа Мавлонов ҳам мазкур вилоятда бўлиб, энг олис чегара божхона постларидаги мавжуд шарт-шароитларни кўздан кечирмоқда.
Давлат божхона қўмитаси Раиси Акмалхўжа Мавлонов Қашқадарёда

Бугун куннинг иккинчи ярмида ДБҚ Раиси Қашқадарё вилояти божхона бошқармасининг “Қарши-Керки” чегара божхона постида бўлди.

Вилоятнинг Нишон туманида, Туркманистон Республикаси билан чегарада жойлашган мазкур божхона постида ҳам сўнгги вақтларда кенг миқёсдаги бунёдкорлик ободонлаштириш ишлари амалга оширилди.

Президентимиз ҳузурида жорий йил 17 февраль бўлиб ўтган видеоселектордаги топшириқлардан сўнг “Қарши-Керки” чегара божхона пости ва унинг атрофидаги инфратузилмасини яхшилаш бўйича “Йўл харитаси” тасдиқланган эди.

Йўл харитаси ижроси доирасида божхона постигача бўлган 30 км.дан зиёд йўлда жорий таъмирлаш ишлари амалга оширилди, постга туташ нейтрал ҳудуддаги транспорт қатнови учун мўлжалланган йўлнинг асфальт қопламаси таъмирланди, йўлларга тегишли йўл чизиқлари чизилди.

Пост доимий электр энергияси таъминланган. Эндиликда пост орқали ҳаракатланаётган ҳайдовчи ва йўловчилар бепул Wi-FI тизимидан ҳам фойдаланишлари мумкин.

Постда “Яшил макон” лойиҳаси доирасида ҳам кенг миқёсдаги ишлар амалга оширилди. Жумладан, постгача олиб борувчи йўлнинг икки ён томонига 1500 туп манзарали дарахт кўчатлари ўтқазилди ва доимий суғориш ишлари йўлга қўйилди.

Бу каби хайрли ишлар пост ҳудудида ҳам амалга оширилди. Жумладан, постнинг пиёдалар ҳаракатланадиган йўлаклари бўйлаб, 70 туп кўп йиллик манзарали гуллар экилди. Божхона ходимлари шу ердаги бўш томорқага 300 дона мевали ниҳоллар экиб, божхоначилар боғини барпо этишди.

ДБҚ Раисининг божхона пости ходимлари билан мулоқоти самимий кечди.

- Барча ҳаракатларимиз чегара божхона постларида хизмат олиб бораётган ходимларимиз учун муносиб шарт-шароитларни таъминлашга қаратилган. Бугун пойтахтдаги, вилоят марказидаги божхона ходими қандай замонавий шароитларда хизмат қилаётган бўлса, энг чекка постларимиздаги шароитлар ҳам бундан кам бўлмаслиги шарт! Зеро, ҳозирда Муҳтарам Президентимиз томонидан юритилаётган сиёсатнинг мазмуни ҳам шунда – ҳаммаси инсон қадри учун! - деди Акмалхўжа Мавлонов.

Қашқадарё вилоятига ташрифи давомида Давлат божхона қўмитаси Раиси А.Мавлонов вилоят божхона бошқармасида ҳам бўлди.

21.04.2022

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг