Хабарингиз бор, жорий йилнинг 17 февраль куни Президентимиз ҳузурида божхона маъмурчилигини янада такомиллаштириш ва соҳани коррупциядан холи тизимга айлантириш бўйича устувор вазифаларга қаратилган видеоселектор йиғилишида ҳам қатор вазифа ва топшириқлар юклатилган.
Мазкур вазифалар ва жорий йилги давлат дастури ижроси доирасида биринчи чоракда қатор ишлар амалга оширилди.
Жумладан, давлатимиз бюджетга 9,5 трлн. сўм божхона тўловлари ўтказилди ва тушумлар ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 3 трлн. сўмга ёки 46 фоизга ошди.
Ташқи савдода “яширин иқтисодиёт” улушини қисқартиришга қаратилган тизимли тадбирлар натижасида 221 млрд. сўм лик қўшимча божхона тўловлари ундирилиб, бу кўрсаткич ҳам 35 фоизга ортди.
Ишлаб чиқаришни рағбатлантириш, тадбиркорлик субъектлари ўртасида рақобат муҳитини ривожлантириш мақсадида 3 минг нафардан зиёд тадбиркорларга божхона тўловларидан қарийб 4 трлн. сўмлик божхона имтиёзлари берилди, содда қилиб айтганда, салкам 4 трлн. сўм айланма маблағ сифатида ўзларининг ихтиёрида қолдирилди.
Божхона органлари фаолиятда контрабанда ашёлари, шу жумладан гиёҳвандлик воситаларининг қонунга хилоф муомаласига қарши курашиш масаласига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Тезкор тадбирларда ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 9 баробар кўп, яъни 503,6 кг гиёҳвандлик воситалари ушлаб қолинди. Шунингдек, 101 минг дона кучли таъсир этувчи ва 1,6 минг дона психотроп моддалар тўхтатиб қолинди.
Шунингдек, 1 млн долларга тенг нақд хорижий валюта тўхтатиб қолинган бўлиб, бу кўрсаткич ҳам ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 10 баробарга ортган.
Биринчи чоракда божхона ходимлари томонидан қиймати 5,2 млрд сўмлик заргарлик буюмлари, 170 минг қути тамаки маҳсулотлари ва 490 дона маданий бойликларнинг ноқонуний айлануви олди олинди.
Яна бир янгилик - халқаро тажрибалар асосида жорий йилнинг 1 апрелидан бошлаб Самарқанд шаҳридаги янги халқаро аэропортда “сезилмайдиган божхона назорати” тизими жорий қилинди. Йил якунига қадар мазкур тизим Тошкент, Фарғона ва Термиз аэропортида ҳам жорий этилади.
Андижон вилоятидаги “Дўстлик” чегара-божхона постига ҳамда Тошкент вилоятининг “Яллама” чегара постига туташ ҳудудларда илк бор давлат шерикчилик шартлари асосида замонавий божхона терминаллари ишга туширилди.
Божхона расмийлаштируви жараёнида инсон омилини қисқартиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Жумладан, 1456 та маъмурий ишлар илк маротаба “Е-Qaror” тизимида электрон шаклда юритилиб, вақт сарфи 17 кундан саноқли дақиқаларга қисқарди.
Қашқадарё, Хоразм, Сирдарё, Тошкент, Бухоро, Фарғона, Жиззах вилоятларида товарларнинг божхона расмийлаштируви Масофавий электрон декларациялаш принципи асосида ташкил этилди. Натижада, ушбу ҳудудларда ундирилган божхона тўловлари 52 фоизга ва декларациялар сони 17 фоизга ортди.
Яллама” ва “Дўстлик” чегара божхона постларида илк маротаба “Транспорт назорати” ахборот тизими жорий этилиб, 23 мингдан зиёд транспорт маълумотлари автоматик қайд этилди ва расмийлаштирув вақти 30 фоизга қисқарди.
Хавф тизимини такомиллаштириш натижасида экспорт товарларини автоматик расмийлаштириш 14 баробарга ошди.
Тадбиркорларни автоматик тоифалаш имконини кенгайтириш мақсадида, божхона электрон тизими чегара, солиқ, адлия ва бошқа идоралар билан ўзаро интеграция қилинди.
Биринчи чоракда халқаро ҳамкорлик йўналишида ҳам қатор ишлар амалга оширилди. Жумладан, Жаҳон божхона ташкилотининг минтақавий 18-глобал сессиясида Давлат божхона қўмитаси вакили илк бор йиғилиш раиси ўринбосари этиб сайланди.
Халқаро ташкилот ва дастурлар доирасида амалий кўникмаларга қаратилган 12 та семинар-тренингларда 165 нафар божхона ходими иштирок этди.
Ўзбекистон ва Туркия ўртасида товарлар бўйича олдиндан ахборот алмашиш тўғрисида халқаро шартнома имзоланди.
Президентимиз томонидан илгари сурилган ташаббусга биноан ҳозирда божхона органларига бириктирилган 14 та мактабдаги 290 та синфда таҳсил олаётган 8,5 минг нафардан зиёд ўқувчиларни божхона ишига қизиқишини ошириш, уларни касбга йўналтиришга қаратилган ишлар бошлаб юборилди.
Жумладан, 53 та кўргазмали тарғибот тадбирларининг 31 таси бевосита мактабларда, 22 таси эса божхона бошқармалари ва постларида ўтказилди. Натижада, ҳозирга келиб 89 нафар ўқувчи, жумладан 42 нафар қизлар Божхона институтига ўқишга кириш ҳаракатини бошлашди.
Божхона соҳасидаги муаммоларни жойида ҳал этиш мақсадида, барча ҳудудларда 109 та учрашувлар ташкил этилди, 1,7 мингдан ортиқ тадбиркорларнинг 196 та муаммоси ўрганилди, шундан 190 таси ҳал этилиб, қолганлари кўриб чиқилмоқда.
Божхона органлари фаолияти самарадорлигини янада оширишга қаратилган тадбирлар давом эттирилмоқда.
20.04.2022