Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
“Яллама”да божхона терминали ишга туширилди
7490
Тошкент вилоятининг Чиноз туманида жойлашган “Яллама” чегара божхона постига туташ ҳудудда янги замонавий божхона терминали ишга туширилди.

Терминалнинг тантанали очилиш маросимида Давлат божхона қўмитаси раҳбарияти, бир қатор вазирлик ва идоралар масъуллари, Қозоғистон ва Россиянинг божхона ишлари бўйича Ўзбекстондаги вакиллари, Тошкент вилояти ҳокимлиги ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.

Тадбирда сўзга чиқар экан, Давлат божхона қўмитаси Раисининг биринчи ўринбосари И.Мухторов сўнгги йилларда мамлакатимизда Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан олиб борилаётган ислоҳотлар доирасида божхона тартиб-таомилларини янада соддалаштириш, транспорт-логистика хизматларини ривожлантириш орқали тадбиркорларга қулай шарт-шароитлар яратиш ҳамда ушбу ислоҳотлар орқали аҳоли бандлигини таъминлаш борасида тизимли тадбирлар амалга оширилаётганини таъкидлади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 24 ноябрдаги “Божхона маъмуриятчилигини такомиллаштириш ва Ўзбекистон Республикаси давлат божхона хизмати органлари фаолияти самарадорлигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” ПФ-5582-сон Фармонида “Яллама” постига туташ ҳудудда божхона терминалини қуриш белгиланган эди.

Жорий йилнинг 17 февраль куни божхона тизимини янада ислоҳ қилиш бўйича ўтказилган видеоселекторда Муҳтарам Президентимиз томонидан мазкур ҳудуддаги ташқи савдо марказини қисқа муддатларда ишга тушириш юзасидан алоҳида топшириқ берилган эди.

Республикамизнинг энг йирик божхона постига туташ ҳудуддаги мазкур “Euroasia Transportation Logistics” хорижий корхонаси томонидан қуриб фойдаланишга топширилган божхона терминалини айни шу топшириқнинг амалий ижроси бўлди.

20 гектар майдонни эгаллаган “Яллама” божхона терминалида давлат органлари ва бошқа ташкилотлар тмонидан божхона, банк, логистика, тезкор лаборатория, фитосанитар, ветеринар, санитар-эпидемиологик, экологик, мувофиқликни баҳолаш каби барча хизматлар “Ягона дарча” тамойили асосида кўрсатилади.

Шунингдек, бу ерда бир вақтнинг ўзида 500 та юк автомобилларини сиғдира олиш имкониятига эга ҳамда бепул WI-FI билан таъминланган автотураргоҳ, 5000 кв.м майдонда ёпиқ ҳамда 3836 кв.м майдонда очиқ божхона омборлари, расмийлаштирув зали, давлат назорати органлари учун хизмат хоналари, савдо дўконлари ҳамда бошқа бино ва иншоотлар мавжуд.

Бундан ташқари, божхона терминали энг замонавий техник воситалар, жумладан автотарози, автомобиллар рақамини аниқлаш ва видеокузатув тизимлари, замонавий компютер техникалари ва бошқа қурилмалар билан жиҳозланган.

Энг муҳим янгиликлардан бири шундаки, божхона терминали ҳудудида 10 та штат бирлигидан иборат божхона пункти ташкил этилди. Энди шундоққина чегара божхона постидан товарларини олиб кирган ёки олиб чиқиш истагидаги ташқи иқтисодий фаолият иштирокчилари шу ернинг ўзида сутканинг исталган вақтида ташқи савдо юкларининг божхона назорати ва расмийлаштирувини амалга оширишади.

Божхона терминалининг ишга тушиши натижасида тадбиркорларнинг расмийлаштирув ва сертификатлаштириш учун сарфланадиган вақт ва ҳаражатлари тежалади, тирбандликлар бартараф этилади, божхона қонунбузарлик ҳолатларининг олди олинади.

Энг асосийси эса мазкур ҳудудда яшовчи 50 дан зиёд аҳоли доимий иш ўрни билан таъминланди.

Янги барпо этилган божхона терминалида яратилган шарт-шароитлар авваламбор тадбиркорларга қулай ва ваколатли идораларга самарали назоратни ташкил этишга хизмат қилади.

17.04.2022

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг