Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
“Янги Ўзбекистонда гендер тенгликни таъминлашнинг замонавий тендециялари” мавзусида давра суҳбати ўтказилди
7255
Жорий йилнинг 15 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитасининг Божхона институтида “Янги Ўзбекистонда гендер тенгликни таъминлашнинг замонавий тендециялари” мавзусида давра суҳбати ўтказилди.

Давра суҳбатида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти бўлим бошлиғи юридик фанлар бўйича фалсафа доктори (PhD) Ш.Жолдасова, Давлат божхона қўмитаси Марказий аппарати Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятларни таъминлаш масалалари бўйича Маслаҳат кенгаши аъзоси У.Пирмухамедова, Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси ҳузуридаги “Оила ва хотин-қизлар” илмий-тадқиқот институти бўлим бошлиғи, юридик фанлар бўйича фалсафа доктори (PhD) Х.Сайидвалиева, Тошкент давлат юридик университети доценти, юридик фанлар бўйича фалсафа доктори (PhD) Л.Очилова ва Божхона институти профессор-ўқитувчилари, курсант қизлари иштирок этдилар.

Тадбирда маърузачилар томонидан сўнгги йилларда Муҳтарам Юртбошимиз Ш.Мирзиёев раҳбарлигида хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятларга эришиш, жамият ва давлат ишларини бошқаришда уларнинг тенг иштирок этишини таъминлаш, хотин-қизларни ижтимоий-ҳуқуқий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, шунингдек турли тазйиқ ва зўравонликлардан ҳимоя қилишга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилаётганлиги таъкидланди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 28.01.2022 йилдаги “2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси тўғрисида”ги Фармонида гендер тенгликни таъминлаш сиёсатини давом эттириш, хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, уларни қўллаб-қувватлашга доир ислоҳотларни амалга ошириш бўйича белгиланган вазифалар ижросини таъминлашга йўналтирилган таклифлар илгари сурилди.

Жумладан, илғор хорижий мамлакатлар тажрибасини чуқур ўрганиш асосида гендер тенгликни таъминлашнинг илмий-назарий асосларини ривожлантириш ҳамда гендерга оид саводхонлигини юксалтириш мақсадида миллий таълим тизимининг барча босқичларига гендер таълимни жорий этиш гендер сиёсатининг устувор йўналиши сифатида белгиланиши лозимлигига асосий эътибор қаратилди.

Шунингдек, жорий йилнинг 17 февраль куни божхона хизмати органлари фаолиятини янада такомиллаштириш бўйича ҳурматли Президентимиз Ш.Мирзиёев ҳузурида бўлиб ўтган йиғилишда ҳам божхона соҳасида хотин-қизлар улушини икки бараварга ошириш юзасидан берилган топшириқлар ҳам жамият ҳаёти ва фаолиятининг барча соҳаларида гендер тенгликни таъминлашга қаратилган давлат сиёсатининг яққол ифодаси эканлиги алоҳида қайд этилди.

Давра суҳбати баҳс-муноазарларга бой тарзда ўтди. Тадбирда иштирок  этган курсант қизлар гендер сиёсати бўйича ўзларини қизиқтирган саволларга батафсил жавоблар олишди.

 

19.04.2022

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг