Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Ўқувчилар Самарқанд халқаро аэропортига саёҳат қилишди
7443
Самарқанд шаҳридаги 33-умумий ўрта таълим мактаби ўқувчилари янги терминалда иш бошлаган Самарқанд халқаро аэропортига саёҳат қилишди.
Ўқувчилар Самарқанд халқаро аэропортига саёҳат қилишди

Саёҳат давомида ўқувчи-ёшлар йўловчилар учун яратилган қулайликлар ҳамда “божхоначисиз-назорат” тизими билан яқиндан танишдилар.
Дастлаб ўқувчиларга аэропорт ҳақида, унда фаолият олиб бораётган хизматлар тўғрисида ахборот берилди. Хусусан, ўқувчиларга йўловчилар багаж юкларини топшириш ва рўйхатдан ўтиш тартиби, “божхоначисиз-назорат” тизимининг аҳамияти ҳамда бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг хизмат вазифалари тушунтириб берилди.
Халқаро аэропортларда ҳуқуқбузарлар томонидан содир этилган қонун бузилиш ҳолатлари акс этган роликлар ўқувчиларга намойиш этилди. Роликни томоша қилган ёшлар мамлакатимизга товарларни олиб кириш ва олиб чиқиш тартиби билан жуда қизиқиб қолишди.
Масалан, улар тилла тақинчоқларни олиб кириш, хориж валюталарини олиб чиқиш нормалари бўйича саволлар беришди. Шу ўринда тадбир иштирокчиларига божхона ходимлари йўловчи божхона декларациясини тўлдириш тартиби бўйича ҳам тўхталиб ўтишди.
Шундан сўнг, ўқувчилар учиб келиш залига таклиф этилиб, уларга “яшил” ва “қизил” йўлаклар, божхона назоратини олиб бориш, товарларни рентген аппаратидан ўтказиш ҳамда тақиқланган товарларни аниқлаш борасида батафсил тушунчалар берилди.
Тадбир давомида ўқувчилар божхона касбига қизиб қолишиб, ўз сумкаларини ҳам рентген аппаратидан ўтказиб олишди.
Тадбирда мамлакатимизнинг “ҳаво дарвозаси” орқали божхона назоратидан яшириб, декларациясиз, кучли таъсир қилувчи, заҳарловчи, портловчи моддалар, радиоактив материаллар, портлатиш қурилмалари, қурол-яроғ, ўқотар қурол ёки ўқ-дорилар, гиёвандлик воситалари, психотроп моддалар, диний экстремизм, сепаратизм ва ақидапарастликни тарғиб қилувчи материалларни республикамизга кириб келишини олдини олишга божхона органлари масъул эканликлари таъкидлаб ўтилди.
Бир сўз билан айтганда, йўловчилар ҳамда хизмат кўрсатувчилар учун барча шароитлар яратилган Самарқанд халқаро аэропорти ўқувчиларда катта таассурот қолдирди. Улар келажакда мана шу масканда туриб, чегараларимиз дахлсизлигини таъминлашни ўз олдларига мақсад қилиб қўйишди.

Самарқанд вилояти божхона бошқармаси
Ахборот хизмати

18.04.2022

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг