Қашқадарё вилояти божхона бошқармасида Қарши шаҳридаги 3-сонли умумий ўрта таълим мактаби ўқувчилари учун тадбир ташкил қилинди.
Тадбирнинг дастлабки қисмида, бошқарманинг масъул таркибий тузилмалари раҳбарлари томонидан божхона фаолияти бўйича ҳамда божхона органларига ўқиш ва ишга кириш тартиблари тўғрисида маълумотлар берилди.
Иштирокчи ёшларга машаққатли, масъулиятли ва шарафли божхона фаолияти акс эттирилган видео ролик ва клиплар намойиш этилди.
Тадбирнинг иккинчи қисми Қарши халқаро аэропортига уюштирилди.
Ўқувчи ёшларга “Қарши аэропорти” чегара божхона пости бошлиғи Бегзод Жўрақулов томонидан фуқароларнинг халқаро аэропортлар орқали ҳаракатланиш тартиб-таомиллари тўғрисида батафсил тушунтиришлар берилди.
Бугунги кунда юртимизда фуқароларнинг божхона чегараларидан ҳаракатланишлари соддалаштирилган.
Бу борада, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йилнинг 11 октябрдаги “Ўзбекистон Республикаси божхона чегараси орқали ўтказиш пунктларида икки йўлакли тизимни қўллаш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги 814-сонли қарори билан 2018 йилнинг 1 январидан бошлаб Ўзбекистон Республикаси халқаро аэропортларида божхона ҳудудига кириб келиш ва чиқишда “яшил” ва “қизил” йўлак тизими жорий қилинган.
Фуқароларимизнинг “яшил” ва “қизил” йўлаклардан ўтиш борасида ўзларини қизиқтирган кўплаб саволларига “Қарши аэропорти” чегара божхона пости бошлиғи Бегзод Жўрақулов томонидан батафсил жавоблар олдилар.
Шунингдек, тадбирда ёшларга аэропортда бўлиш қоидалари тушунтирилди, чегара назорати ходимларининг вазифалари ҳамда аэродром ва самолётларга хизмат кўрсатувчи махсус техникалар ҳақида атрофлича маълумотлар берилди.
Ҳарбий хизматчиларнинг кўргазмали чиқишларини, хизмат итининг кўникмаларини намойиш этиш учун ўтказилган амалий машқларни ёшлар катта қизиқиш билан томоша қилдилар.
Қашқадарё вилояти божхона бошқармаси
Ахборот хизмати
16.04.2022