Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Давлат божхона қўмитаси раиси Акмалхўжа Мавлонов мактаб ўқувчилари билан онлайн мулоқот ўтказди
1947
2022 йил 15 апрель куни Давлат божхона қўмитаси раиси Акмалхўжа Мавлонов Қорақлапоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида божхона органларига бириктирилган мактабларнинг юқори синф ўқувчилари билан онлайн мулоқот ўтказди.
Давлат божхона қўмитаси раиси Акмалхўжа Мавлонов мактаб ўқувчилари билан онлайн мулоқот ўтказди

Хабарингиз бор, 2022 йил 17 февраль куни божхона тизимини янада ислоҳ қилиш бўйича ўтказилган видеоселекторда Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев жуда муҳим ва ҳаётий ташаббусни илгари сурдилар, яъни ҳар бир вилоятда биттадан мактабни танлаб, ёшларни божхона соҳасига ўқувчилик давриданоқ қизиқтиришга қаратилган кенг миқёсдаги ҳаракатлар бошлаб юборилди.

Мулоқотда таъкидланганидек, сўнгги йилларда мамлакатимизда таълим тизимига алоҳида эътибор қаратилмоқда, замонавий жиҳозланган, барча шароитларга эга, қишлоқ ва шаҳарлар кўркига кўрк қўшаётган мактаблар сони кундан кунга ортиб бормоқда. “Янги Ўзбекистон – мактаб остонасидан, таълим-тарбия тизимидан бошланади” деган эзгу ғоя асосида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

Президентимиз томонидан божхона органларига халқ таълими тизими билан ҳамкорликни йўлга қўйиш юзасидан берилган топшириқ аслида юксак ишонч бўлиб, божхона органлари шахсий таркибига шараф ва қувонч бағишлади.

Ҳозирда божхона органларига бириктирилган 14 та мактабдаги 290 та синфда таҳсил олаётган 8,5 минг нафардан зиёд ўқувчиларни божхона ишига қизиқишини ошириш, уларни касбга йўналтиришга қаратилган ишлар бошлаб юборилди.

Жумладан, 53 та кўргазмали тарғибот тадбирларининг 31 таси бевосита мактабларда, 22 таси эса божхона бошқармалари ва постларида ўтказилди.

Натижада, ҳозирга келиб 89 нафар ўқувчи Божхона институтига ўқишга кириш ҳаракатини бошлашди. Уларнинг 42 нафари қиз болалар эканлиги янаям қувонарлидир.

Таъкидлаш лозимки, бундай ҳамкорликдан кўзланган мақсад – божхона органларига иқтидорли ва истиқболли кадрлар тайёрлашдир.

Ўқувчилар болалик пайтиданоқ божхона тизимининг ичига кириб борар экан, аввалам бор божхоначи касби нақадар машаққатли ва шарафли эканлигига шахсан гувоҳ бўлади, божхона иши билан танишишда илм, рақамли технологиялар ва чет тилларини билиш эртанги келажаги учун қандай зарур эканлигини англайди.

Шу билан бирга “Ёшликда олган билим, тошга ўйилган битик” қабилида божхона иши бўйича мустаҳкам кўникма ва билимга эга бўлади. Энг асосийси эса ҳар бир ўқувчи ёшлигидан ўзига муносиб ҳаёт йўлини танлайди. Бунинг натижасида эса божхона тизимга садоқат, Ватанига бўлган меҳри кун сайин ортади.

Бириктирилган мактабларни юқори малакали ўқитувчилар билан жамлаб, уларни қўшимча ўқитиб, миллий ва халқаро сертификатлар олишига кўмаклашиш мақсадида Давлат божхона қўмитаси ва Халқ таълими вазирлигининг қўшма қарори қабул қилинди ҳамда халқ таълими тизими билан узвий ҳамкорлик йўлга қўйилди.

Эндиликда мактаб ўқитувчилар билан бирга божхона иши йўналишида таълим ва тарбия ишларини тизимли ташкил этиш йўлга қўйилади.


Ўз навбатида Қўшма қарорда Республиканинг барча ҳудудлари бўйича божхона бошқармаларига бириктирилган мактаблар амалга ошириладиган ташкилий тадбирлар белгиланди.

Жумладан, ҳар бир мактабда “Янги Ўзбекистон божхонаси” бурчагини, “Божхона билимдони” кўрик-танловини, “Божхона олами” ўқув-услубий қўлланмаси асосидаги дарс машғулотларини ташкил этиш, “Ёш божхоначи” тўгаракларини йўлга қўйиш, фаол ўқувчилар учун “Ёш божхоначи” нишонини жорий этишда ўз ифодасини топди. 

Яна бир янгилик Давлат божхона қўмитаси раиси божхона органларига бириктирилган 14 та мактабда бепул WI-FI тизими йўлга қўйилиши маълум қилди.

- Ватан остонадан, давлат ҳимояси – божхона чегарасидан бошланади, - деди ёшларга мурожаат қилар экан ДБҚ Раиси А.Мавлонов. - Божхонада мард, жасур, она тупроғини муқаддас билувчи, Ватан учун жонини берадиган, уни ҳимоя қиладиган, фидокор ходимларгина ишлай олади.

Тадбир сўнгида хорижий тилларни биладиган, ахборот технологияларни мукаммал ўзлаштирган, янгиликка қизиқадиган, шижоатли ёшлар учун божхона органлари эшиклари доим очиқ эканлигини айтиб, ўқувчиларга ўқишларида улкан муваффақиятлар тилади.

Тадбир давомида устозлар ва ўқувчилар ҳам сўзга чиқиб, ўз фикр-мулоҳазаларини билдирдилар.

Учрашув сўнгида, иштирокчиларга божхона изимида амалга оширилган ислоҳотлар юзасидан тайёрланган махсус видеоролик намойиш этилди.

15.04.2022

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг