Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Қашқадарё, Андижон, Фарғона ва Қорақалпоғистонда йирик миқдордаги тамаки маҳсулотларининг ноқонуний айланмасига чек қўйилди
904
Давлат божхона хизмати органлари томонидан тамаки маҳсулотларини мамлакатимиз ҳудудига ноқонуний олиб кирилиши ва савдосига қарши қаратилган тизимли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Қашқадарё, Андижон, Фарғона ва Қорақалпоғистонда йирик миқдордаги тамаки маҳсулотларининг ноқонуний айланмасига чек қўйилди

Хусусан, Қашқадарё вилояти божхона бошқармасининг Контрабандага қарши курашиш ва божхона аудити бўлими ходимлари Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари билан ҳамкорликда Косон туманида тезкор тадбир ўтказишди.

Ўтказилган тадбир давомида, фуқаро К.С. бошқарувидаги “Дамас” русумли автотранспорт воситаси тўхтатилиб, ўрнатилган тартибда кўздан кечирилганда, автотранспорт воситаси салонида, хориж давлатларида ишлаб чиқарилган, умумий қиймати 123 миллион 530 минг сўмлик 4000 қути акциз маркасиз тамаки маҳсулотлари борлиги аниқланди.

Шунингдек, Андижон вилояти божхона бошқармасининг Контрабандага қарши курашиш ва божхона аудити бўлими ходимлари Давлат хавфсизлик хизмати ҳамда Ички ишлар бошқармалари ходимлари билан ҳамкорликда Олтинкўл туманида ўтказилган тезкор тадбир давомида, фуқаро М.О. бошқарувидаги “Кобалт” русумли автотранспорт воситаси ўрнатилган тартибда тўхтатилиб, кўздан кечирилди.

Натижада, автотранспорт воситаси салонида, хуфёна тарзда яширилган, умумий қиймати 177 миллион сўмлик 9000 қути хорижда ишлаб чиқарилган тамаки маҳсулотларини келгусида сотиш мақсадида олиб кетилаётган ҳолати аниқланди.

Яна бир ҳолатда, Фарғона вилояти божхона бошқармаси Контрабандага қарши курашиш ва божхона аудити бўлими ходимлари  Давлат хавфсизлик хизмати ҳамда Миллий гвардия ходимлари билан ҳамкорликда Қўқон шаҳрида ўтказилган тезкор тадбир давомида, фуқаро
Х. С. бошқарувидаги “Нексия” русумли автотранспорт воситасидан ҳамда фуқаро Ю.О.нинг яшаш хонадонидан қиймати  564 миллион 900 минг сўмлик 32 минг 860 қути хорижда ишлаб чиқарилган тамаки маҳсулотлари ноқонуний равишда сақлаб турилганлик ҳолати фош этилди.

Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармаси “Доут-ота” чегара божхона пости ходимлари томонидан эса фуқаро Л. Ғ. бошқарувидаги “Мерседес-Бенц” русумли юк автотранспорт воситасини белгиланган тартибда божхона кўригидан ўтказилди.

Натижада, автомашинада ҳужжатларда кўрсатилмаган, божхона ходимининг оғзаки сўровида айтилмаган, дастлабки сўровга кўра умумий қиймати 3 миллион 600 минг сўмлик 120 қути тамаки маҳсулотлари борлиги аниқланди.

Рақамларга мурожаат этадиган бўлсак, жорий йилнинг ўтган даври мобайнида Давлат божхона хизмати органлари томонидан 77 та ҳолатда, қиймати 1 миллиард 935 минг сўмлик тамаки маҳсулотларининг ноқонуний фаолиятига чек қўйилган.

 

14.04.2022

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг