Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Божхоначилар ҳарбий дала амалий машғулотларида иштирок этишди
646
Давлат божхона қўмитаси раҳбариятининг ташаббуси билан бир гуруҳ божхона ходимлари илк ҳарбий дала амалий машғулотларини ўташди.
Божхоначилар ҳарбий дала амалий машғулотларида иштирок этишди

2022 йил 13 январда Президентимиз, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони Шавкат Мирзиёев раислигида ўтказилган Хавфсизлик кенгашининг кенгайтирилган йиғилишда ҳарбий полигонларда яратилган ўзига хос ва ноёб имкониятлардан барча куч ва тизимлари биргаликда самарали ҳамда оқилона фойдаланишни ташкил этиш бўйича топшириқлар берилган эди.

Мазкур топишриқ ижроси доирасида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар қаторида давлат божхона хизмати органлари томонидан ҳам шахсий таркибнинг жанговар тайёргарлик даражасини ошириш бўйича аниқ амалий вазифалар белгилаб олинди.

Яқинда Давлат божхона қўмитаси раҳбариятининг ташаббуси билан илк маротаба марказий аппарат ва таркибий тузилмалардаги ҳарбий сафарбарлик ва жанговар тайёргарлик бўлимлари, Навбатчилик қисми ва Қўриқлаш взводи ходимлари учун Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги тасарруфидаги Чирчиқ ҳарбий дала полигонида 2 кунлик ҳарбий дала амалий машғулотлари ўтказилди.

Машғулотларнинг дастлабки кунида кузатилган мураккаб об-ҳаво шароити божхона офицерларининг иродасини синовдан ўтказди. Айниқса машғулотнинг шахсий таркибнинг 2 гуруҳга бўлинган ҳолда жанговар ва жисмоний тайёргарлик бўйича ўзаро мусобақа тарзида ташкил этилганлиги янада самарали бўлиб, назарий ва амалий билимлар шу зайлда мустаҳкамланди.

Таъкидлаш жоизки, божхона объектлари ҳам муҳим объектлар сирасига киради. Айниқса чегара-божхона постларини қўриқлаш ва хавфсизликни таъминлаш мавжуд куч ва воситаларни самарали қўллашни талаб этилади.

Ҳарбий қисмларнинг бирида тунаб қолган божхоначилар машғулотнинг иккинчи кунида Тошкент ҳарбий округи масъул ходимлари билан биргаликда тўппонча, автомат ва мерганлик милтиғидан ўқ отиш бўйича амалий машғулотни ўтказишди.

Машғулотлар якунида натижалар алоҳида муҳокама қилинди. Эндиликда бу каби амалий машғулотлар анъанавий тус олади ва ҳарбий округлар полигонларида вилоят ёки округ миқёсида ҳам ўтказилади.

Божхона органларининг қўриқлаш взводи ходимлари учун эса махсус вазифаларни бажарувчи бўлинмалар ҳарбий хизматчилари билан биргаликда 5-7 кунлик жанговар тайёргарлик амалий машғулотларини ўтказиш ҳам назарда тутилмоқда.

Зеро, Президентимиз таъкидлаганларидек, халқимизнинг хавфсизлиги, тинчлиги ва осойишталигини сақлаш бугун ҳам, келажакда ҳам энг устувор вазифамиз бўлиб қолади. Чунки фақатгина тинчлик-осойишталик мамлакатимизнинг ҳар томонлама ривожланишининг асосий кафолатидир.

Бу йўлда божхона органларининг зиммасидаги масъулият ҳам тобора ортиб бораверади.

 

 

 

 

13.04.2022

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг