Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Чорвачилик етти хазинани бири – мазкур йўналишда тадбиркорлар ташаббуслари ҳар томонлама қўллаб-қувватланмоқда
1371
Юртимизда чорвачилик тармоғини жадал ривожлантириш, соҳада замонавий ва инновацион услубларни жорий этиш орқали маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш ва уларнинг турларини кенгайтириш, шунингдек, аҳолини маҳаллий шароитда ишлаб чиқарилган сифатли гўшт, сут ҳамда бошқа шу турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари билан узлуксиз таъминлаш ҳамда чорвачиликка ихтисослашган корхоналарни давлат томонидан қўллаб-қувватлашда давлатимиз раҳбарининг 2020 йил 29 январдаги “Чорвачилик тармоғини давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-4576-сон қарори муҳим дастуриламал бўлмоқда.
Чорвачилик етти хазинани бири – мазкур йўналишда тадбиркорлар ташаббуслари ҳар томонлама қўллаб-қувватланмоқда

Мазкур йўналишда тадбиркорлар ташаббуслари ҳар томонлама қўллаб-қувватланмоқда, ушбу тармоқда илмий ёндашувлар ва илғор замонавий технологияларни кенг жорий этиш ишлари изчиллик билан амалга оширилмоқда.

Хоразм вилоятида ҳам чорвачилик соҳаси етакчи тармоқлардан бири  саналади. Урганч туманида 2017 йилда ташкил этилган “Тўмарис Нур” чорва фермер хўжалиги ана шундай илмий ёндашув ва илғор замонавий технологиялар асосида сут, озуқа-ем етиштиришга ихтисослашган хўжалик ҳисобланади.

Куни кеча, вилоят божхона бошқармаси бошлиғи М.Кличев бошчилигидаги ишчи гуруҳ айнан ишлаб чиқариш жараёнида тадбиркорларни ўйлантираётган долзарб масалаларни имкон қадар тезроқ ва жойларга бориб ўрганиб ҳал этиш ва амалий ёрдам бериш мақсадида “Тўмарис Нур” чорва фермер хўжалигида бўлишди.

Учрашувда бугунги кунда тадбиркорларга божхона соҳасида яратилаётган шарт-шароитлар, берилаётган имтиёзлар, божхона расмийлаштируви жараёнларининг соддалаштирилаётганлиги ва божхона соҳасида янги қабул қилинаётган меъёрий ҳужжатларнинг мазмун-моҳияти таништириб ўтилди.

Ҳусусан, амалдаги тартибларга кўра, қорамол импорти учун халқаро кредит линиялари орқали олиб келинган ҳолларда божхона тўловларидан озод қилинади. 

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Божхона кодекси ва “Чорвачиликни янада ривожлантириш ва чорва озуқа базасини мустаҳкамлаш чора-тадбирлари тўғрисида” Президент қарорига асосан тадбиркорлик субъектлари томонидан ўрнатилган тартибда шакллантириладиган рўйхат бўйича хориждан олиб келинадиган, ишлаб чиқарилганига 5 йилдан ошмаган озуқа экинларини экиш, йиғиш ва озуқа тайёрлаш қишлоқ хўжалиги техникалари, уларнинг бутловчи буюмлари ва эҳтиёт қисмлари, истисно тариқасида, 2025 йил 1 мартга қадар божхона тўловларидан (қўшилган қиймат солиғи ва божхона расмийлаштируви йиғимларидан ташқари) ва утилизация йиғимидан озод қилинади.

Шу билан бирга, тадбиркорлик субъектларига “Эркин муомалага чиқариш” божхона режимига жойлаштирилган санадан бошлаб қўшилган қиймат солиғини 180 кунгача бўлган муддатга кечиктириб тўлашга рухсат берилади.

Айнан мазкур йўналишда вилоят божхона бошқармаси томонидан ушбу фермер хўжалиги томонидан 2017-2022 йиллар давомида Германия ва Латвия давлатидан 1 млн. 335,7 минг АҚШ долларлик олиб келинган 488 бош наслли қорамолга 2 млрд. 200 млн сўмлик, шунингдек, чорва маҳсулотларини тайёрлаш, сўнгги технологиядаги ускуналар билан жиҳозлаш мақсадида олиб келинган 1 млн. 787,5 минг АҚШ долларлик асбоб-ускуналарга 2 млрд. 500 млн сўмлик божхона тўловларидан имтиёз қўлланилган.     

Чорва хўжалигида 1145 бош зотли сигирлар боқилмоқда. Ҳозирда  20 нафар (шундан “аёллар дафтари”га кирган 6 нафар аёллар доимий) ва 50 нафар хотин-қизлар мавсумий иш билан таъминланган.

– Мазкур чорва комплекси чўл зонасида ташкил этилган бўлиб, чорва моллари озуқа базасини мустаҳкамлаш мақсадида 2021 йилда жами 4000 тонна омухта ем ишлаб чиқарилган, – дейди хўжалик раҳбари Мақсуда Абдуллаева. – Шунингдек, 350 гектар шўр босган ерлар яхшиланиб, маккажўхоридан ҳосилдорликни 10 центнердан 50 центнерга етказилди. Сўнгги уч йилда жами 10 млрд. 336 млн сўмлик. маҳсулот ишлаб чиқарилган.

Албатта, бу каби учрашувлар мамлакатимизда озиқ-овқат хавфсизлигини мустаҳкамлаш борасида чорвачилик соҳасини ислоҳ қилиш, соҳада бозор муносабатларини кенг жорий қилиш, чорвачилик маҳсулотларини етиштирувчи, қайта ишловчи ва сотувчи тадбиркорлик субъектлари ўртасидаги муносабатларнинг ҳуқуқий асосини мустаҳкамлаш, чорвачилик соҳасига инвестицияларни жалб қилиш, соҳага ресурс тежамкор технологияларни жорий этиш орқали чорвачилик маҳсулотлари етиштирувчиларни замонавий техникалар билан таъминлаш учун хизмат қилади.

Хоразм вилояти божхона бошқармаси
Ахборот хизмати

Ёқуб Ўктамов
Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси
20 бошқарма катта прокурори

12.04.2022

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг