“Москва–Тошкент” йўналишидаги халқаро қатнов поездини божхона назоратидан ўтказиш чоғида, вагон ресторанида фуқаролар С.А. ва С.Б.ларнинг қинғир қилмишлари фош қилинди.
Ушбу шахслар божхона ходимларининг оғзаки сўрови давомида ва йўловчи божхона декларациясида маълум қилмасдан туриб, хорижда ишлаб чиқарилган ва сифати кафолатланмаган балиқ икралари, алкоголь ичимликлар, дудланган балиқ, пишлоқ ва колбасалар каби 66 турдаги озиқ-овқат ва 427 дона хар хил турдаги пластик идишларни олиб кирмоқчи бўлишган. Ушбу товарларнинг умумий қиймати 76,5 млн. сўмдан ошар экан.
Мазкур поездда яна бир фуқаро Т.К. исмли шахс эса дастлабки ҳисоб-китобларга кўра қиймати 16,8 млн. сўмлик рус тилида нашр этилган 168 дона диний мазмундаги китобларни божхона назоратига тақдим этмасдан ва декларацияламасдан олиб кираётган вақтида тўхтатиб қолинди.
Яна бир ҳолатда “Москва–Андижон” йўналишидаги халқаро қатнов поездини божхона назоратидан ўтказиш чоғида фуқаро А.Т. умумий қиймати 85 млн. сўмлик сифати кафолатланмаган денгиз маҳсулотлари, колбаса, кофе, чой, алкоголь ичимликлари каби 78 турдаги озиқ-овқат маҳсулотларини ноқонуний олиб ўтишга уринган экан.
Шунга ўхшаш яна бир ҳолатда “Уфа–Тошкент” йўналишидаги халқаро қатнов поездини йўловчиси фуқаро К.А. қиймати салкам 30 млн. сўмлик сифати кафолатланмаган болалар бўтқаси, шоколад, энергетик ва салқин ичимликлар каби 19 турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари қонунга хилоф равишда олиб ўтилаётганлиги фош этилди.
Ҳозирда мазкур ҳолатлар юзасидан текширув ҳаракатлари давом эттирилмоқда.
Давлат божхона қўмитаси
Ахборот хизмати
28.11.2018