Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Амир Темур сиймосига эҳтиром
1151
9 апрель – соҳибқирон Амир Темур таваллуд топган кун. Жаҳон тарихида ўчмас ном қолдирган буюк аждодимиз таваллудининг 686 йиллиги юртимиз бўйлаб кенг нишонланмоқда.
Амир Темур сиймосига эҳтиром

Эрта тонгдан пойтахтимиздаги Амир Темур хиёбони ҳар қачонгиданда гавжум бўлди. Кенг жамоатчилик вакиллари улуғ сиймони хотирлаб, унинг ҳайкали пойига гуллар қўйишди.

Давлат  божхона қўмитасининг Божхона институти профессор-ўқитувчилари ва курсантлри ҳам буюк саркарда ва давлат арбобига муносиб эҳтиром кўрсатдилар.

Зеро, Амир Темурнинг ҳаёт фаолияти, юртни севиш, унинг равнақи ва фаровонлиги йўлида хизмат қилиш, тинчлиги учун керак бўлса жон фидо этиш каби улуғвор фазилатлари бугунги авлодлар учун чинакам ибрат ва ғурур тимсолидир.

Дунёда Амир Темур шахсиятига қизиқиш доимо кучли бўлган, – дейди Божхона институти Маънавият ва ёшлар тарбияси маркази бошлиғи Раҳматилла Ғойибназаров – Бобокалонимиз нафақат моҳир саркарда, балки илм-фан, маданият, бунёдкорлик ишларининг ҳомийси сифатида ном қозонгани маълум. Ўз салтанатини «Куч – адолатда» тамойили асосида бошқарган буюк аждодимизнинг меросини ўрганиш, ундан ифтихор туйғуларини туйиш ҳар биримиз учун ҳам қарз, ҳам фарздир.

Тадбир Темурийлар тарихи давлат музейида ташкил қилинган кўргазма билан давом этди. Ўша даврга оид нодир экспонатлар, қўлёзма ва тарихий маълумотлар сақланаётган ушбу маскан, чинакам маънода, ўтмишимиз кўзгусига айланган. Божхона институти курсантлари  музейдан жой олган бебаҳо ашёларни томоша қилишди.

 

9.04.2022

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг