Айни шу мақсадда божхона органларида ҳам коррупцияга қарши курашиш ва унинг олдини олишга қаратилган барча зарур чоралар кўрилмоқда.
Хусусан, соҳага оид янги тартиб қоидаларни амалиётга тадбиқ этишда коррупциядан ҳоли бўлишликка эътибор қаратилиб, бу борада инсон омилининг таъсирини ҳамда аралашувини чеклашга қаратилган чоралар белгиланмоқда, энг асосийси, бу иллатга қарши курашишда замонавий ахборот технологиялардан кенг фойдаланилмоқда.
Рақамларга кўра, бугун божхона соҳасида 65 та ахборот тизимларидан ва 33 та интерактив хизматлардан самарали фойдаланилмоқда.
Биргина, “Хавфни бошқариш” тизими орқали қонунга итоаткор тадбиркорларнинг экспорт ва импортга йўналтирилаётган маҳсулотлари тезкорлик билан божхона расмийлаштирувидан ўтказилмоқда. Энг қулай томони шундаки, товар ва транспорт воситаларининг аввалги ялпи божхона назоратидан ўтказишдек самарасиз усулларидан воз кечилди. Бу жараёнларда инсон омили сезиларли равишда қисқарди.
Ташқи иқтисодий фаолият иштирокчиларини хавф даражасига қараб тоифаларга ажратилиши натижасида божхона кўриклари сони 1,4 баробарга камайиб, самарадорлиги 1,5 баробарга ошди. Божхона расмийлаштируви вақти экспортда 1,7 импортда 1,4 баробарга қисқарди. Ҳозирги кунда 50-60 фоиз товарлар соддалаштирилган тартибда божхона расмийлаштирувидан ўтказилмоқда.
Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, Қашқадарё вилояти божхона бошқармасида ҳам юқорида қайд этилган йўналишлар бўйича ишлар изчиллик билан амалга оширилмоқда. Хуфёна иқтисодиёт ва коррупциянинг юзага келишига қарши барча бирдек курашмоқда. Қонун устуворлигини таъминлаш, давлат бюджетига тушумлар ҳажми ошириш, халқимизнинг яхши яшашини таъминлашда бор куч ва имкониятлар сафарбар этилмоқда.
Қашқадарё вилояти божхона бошқармаси масъуллари коррупцияга қарши курашиш юзасидан кенг жамоатчилик билан ҳамкорлик учун Давлат божхона қўмитасининг қисқа “11-08” ҳамда бошқармада ташкил қилинган (75) 221-04-80 ишонч телефон рақами доимий фаолият кўрсатаётганлигини эслатиб ўтади.
Қашқадарё вилояти божхона бошқармаси
Ахборот хизмати
9.04.2022