Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Мактаб ўқувчилари “Хўжайли” чегара божхона постига саёҳат қилишди
1317
2022 йил 17 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида божхона маъмурчилигини янада такомиллаштириш бўйича устувор вазифалар юзасидан ўтказилган йиғилишда Қорақалпоғистон Республикаси ва ҳар бир вилоят марказида “Темурбеклар мактаби” каби биттадан мактабни танлаб, уларга божхона иши йўналишида таълим ва тарбия ишларини ташкил этиш бўйича алоҳида топшириқлар берилган эди.
Мактаб ўқувчилари “Хўжайли” чегара божхона постига саёҳат қилишди

Шу муносабат билан, Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармаси томонидан Нукус шаҳридаги 31-сонли умумтаълим мактаби танлаб олинган бўлиб, мазкур мактаб ўқувчиларининг божхона органларига қизиқишини ошириш, уларни ҳарбий ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурматини ошириш мақсадида тизимли ишлар амалга оширилмоқда.

Хусусан, мактаб ўқувчилари учун ўқув машғулотлари ташкиллаштирилиб, божхона соҳаси ўйналишлари кенг қамровли фаолияти ўргатилиб келинмоқда.

Бугун эса мактаб ўқувчиларининг олган назарий билимларини амалиётда кўрсатиш, уларни божхона соҳаси билан янада яқиндан таништириш мақсадида “Хўжайли” чегара божхона постига саёҳати ташкил этилди.

Таъкидлаш жоизки, ушбу пост мамлакатимизни қўшни Туркманистон Республикаси билан автотранспорт ва пиёдалар ҳаракати орқали боғлаб туради. Жорий йилнинг I чораги давомида мазкур пост орқали 527 та юк автотранспорт воситаларининг ҳаракати таъминланган бўлиб, уларда жами 2963 тонна товарлар экспорт, импорт ва транзит йўналишларда ҳаракатни амалга оширган.

Божхона ходимлари томонидан белгиланган график асосида ташкиллаштирилаётган ўқув машғулотларида берилган назарий билим ушбу постга уюштирилган саёҳат давомида амалиётда кўрсатиб берилди.

Божхона постида бугунги кунда фойдаланилаётган замонавий назорат техник воситалари, сканер қурилмалари имкониятларини ўрганиб, ёш авлод вакиллари кўзидаги ҳайратни яшира олишмади.

Учрашув давомида божхона ходимининг тўрт оёқли сафдоши бўйича ҳам яна бир марта тушунчалар берилиб, пост кичик инспектор-кинологига бириктирилган хизмат ити ёрдамида амалий машқлар кўрсатилди.

Сафар якунида мактаб ўқувчилари ўзларини қизиқтирган барча саволларга жавоб олиб, бир олам таасуротлар билан ортга қайтишди.

Эртага бу ўқувчилар орасидан ҳам етук билим ва салоҳиятли божхоначилар етишиб чиқса не ажаб?! Зеро, ушбу тадбирнинг асосий мақсади ҳам ўқувчиларнинг божхона касбига қизиқишини оширишдан иборат.

8.04.2022

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг