Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Ёввойи ҳайвонларни олиб кириш тартиби билан танишмисиз?
923
Дунё бўйлаб ёввойи ҳайвонларнинг ноқонуний савдоси энг сердаромад соҳага айланиб бормоқда. Ўйлаб кўринг, бир бош ноёб зотдаги маймун ёки лочин қора бозорда 100-200 минг АҚШ долларига баҳоланаётган бўлса, бу ҳар қандай броконьерни қизиқтириб қўйиши, табиий!
Ёввойи ҳайвонларни олиб кириш тартиби билан танишмисиз?

Қолаверса, ёввойи ҳайвонларни уйда сақлашни кўз-кўз қилиш орқали “тренд”га чиқиш истагидаги харидорлар ҳам кўплаб топилади.  

Аслида ёввойи ҳайвонларни хориждан олиб кириш,  сотиб олиш, уйда сақлаш мумкин эмас деган фикрдан йироқмиз.

Аксарият ҳолларда фуқаролар ёввойи ҳайвонларни Ўзбекистонга олиб кириш мумкин эмас деган фикрга боришади ва шу боисдан ҳам божхона назоратидан яширишга уринишади.

Ваҳоланки, бундай эмас, фақат, ёввойи ҳайвонларни олиб кириш ва олиб чиқишнинг ўз тартиб-таомилларига риоя қилинса, бас.

Республикамиз божхоначилари ўсимликлар ва ҳайвонот оламининг ноёб турларини божхона чегаралари орқали ноқонуний равишда олиб ўтилишининг олдини олишга қаратилган чора-тадбирларни мунтазам давом эттиришмоқда.

Амалдаги тартибларга кўра, Қизил китобга киритилган ёввойи ҳайвонларни Ўзбекистон Республикасига олиб кириш ва олиб чиқиш Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси томонидан бериладиган рухсатнома асосида амалга оширилади.

Йўқолиб кетиш хавфи остидаги ёввойи фауна ва флора турлари билан халқаро савдо қилиш тўғрисидаги CITES конвенцияси I, II ва III иловаларига кирувчи ҳайвонларни Ўзбекистон ҳудудига олиб кириш эса CITES нинг Ўзбекистон Республикасидаги Маъмурий органи томонидан бериладиган рухсатнома асосида амалга оширилади.

Дарвоқе, йўқолиб кетиш хавфи остида турган ёввойи ҳайвонлар ва ўсимликлар турлари билан халқаро савдо қилиш тўғрисидаги CITES конвенцияси 1973 йилда  Вашингтонда имзоланган.

Конвенция ўз иловасига киритилган намуналарни божхона чегарасидан олиб ўтишда махсус назоратдан ўтиш тартиботини назарда тутади. Намуналарнинг ҳар бир туркуми учун CITES рухсатномасига эга бўлиш талаб этилади.  Ушбу муҳим халқаро ҳужжатда 33 000 дан ортиқ турдаги ҳайвон ва ўсимликларни ҳимоя қилишда муҳим роль ўйнамоқда.  

Таъкидлаш жоизки, махсус рухсатномасиз ноқонуний олиб кириш ёки унинг ташқарисига олиб чиқишга уринишлар пайтида ушланган ёввойи ҳайвонлар олиб қўйилади.

Олиб қўйилган ҳайвонлардан келгусида фойдаланиш тўғрисидаги қарор Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси томонидан қабул қилинади. Бунга қадар ҳайвонлар ҳайвонот боғида ва махсус питомникларда сақланади.

Мана бу шер боласи яқинда ижтимоий тармоқлар юлдузига ҳам айланиб улгурган эди.

Сирдарё вилояти божхона бошқармаси Контрабандага қарши курашиш бўлими тезкор ходимлари томонидан Давлат хавфсизлик хизмати ва бошқа идоралар билан ҳамкорликда Сирдарё туманида ўтказилган тезкор тадбирда ушбу шер болалари ноқонуний тарзда пулланаётган вақтда олиб қўйилган.

Шер болаларининг бири 3 ойлик, иккинчиси эса 45 кунлик. Аниқланишича, ноқонуний савдода бу ҳайвонлар 70 млн. сўмга баҳоланган.

Саъва! Гарчи, Қизил китобга кирмаган бўлса-ада, бу қушни ҳам божхона чегаралари орқали яширинча олиб ўтишга уринишлар учраб туради. Чунки, сайроқи қушлар ишқибозлари ўртасида энг харидоргир қушлардан бири ҳисобланади. Онлайн савдода бу қушнинг бир донаси 500 минг сўмгача баҳоланганига гувоҳ бўлдик.

Яқинда Тошкент вилояти божхона бошқармасининг  “Ғишткўприк” чегара божхона постига  кириб келган пиёдалардан бири  кўлидаги картон қутига зичлаб жойлаштирилган 55 бош саъвани божхона назоратидан яширинча олиб кираётган вақтида тўхтатиб қолинди. Афсуски, бу жараёнда қушларнинг 2 таси нобуд бўлган. Саъвалар ҳозирда ҳайвонот боғида сақланмоқда.

Мана бу тўтиқушлар Жако зотига мансуб бўлиб, айни шу иловага киритилган.

Жорий йилнинг феврал ойида Тошкент халқаро аэропортида Шарджадан учиб келган йўловчилардан бири ушбу 12 бош тўтиларни  олиб кираётган вақтида тўхтатиб қолинган.

Гарчи, божхонадан бекитмай, декларацияда кўрсатиб, “қизил” йўлак орқали олиб кирилган бўлса-да, бу қушларни олиб кириш ҳуқуқбузарлик сифатида таснифланади.

Чунки, СITES Конвенциясининг I иловасига киритилган йўқолиб кетиш хавфи остида бўлган ҳайвонлар турларини тижорат мақсадида экспорт, реэкспорт ва импорт қилиш тақиқланади.

Юқоридаги ҳолатларда ҳайвонлар ва қушлар республикамизга ноқонуний тарзда олиб кирилаётганда тўхтатиб қолинган. Шу сабабли, Ўзбекистонга олиб кирибди-ю, олиб чиқиб кетилмабди-ку, бунинг нимаси ёмон дейишингиз мумкин?

Унутманг, ҳайвонларни бир мамлакатдан бошқа мамлакатга қонунга хилоф равишда олиб ўтилиши ҳайвонлар турлари ва сонининг қисқаришига сабаб бўлади. 

Шу ўринда рақамларга мурожаат қилсак, республикамиз божхоначилари 2020 йил ва жорий йилнинг ўтган давридан аниқланган 7 та божхона қонунбузилиши ҳолатларида 7 бош маймун, 7 бош лочин, 2 бош шер, ва 200 дан зиёд турли қушларнинг ноқонуний айланмасига чек қўйишди.

Юқоридаги ҳолатлар юзасидан эса божхона текширувлари давом эттирилмоқда.

Аслида, Она табиатни асраш ҳар биримизнинг бурчимиздир! Бунда эса  жамоатчилик назорати жуда муҳим! Шундай экан, келинг, ҳайвонот ва ўсимликлар оламини биргаликда асраб-авайлайлик! 

8.04.2022

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг