Ана шундай эзгу мақсадни руёбга чиқариш учун Давлат божхона қўмитасининг Божхона институтида мардлик ва адолат тимсоли бўлмиш миллий давлатчилигимизнинг йирик сиймоси Соҳибқирон Амир Темурнинг таваллуд кунига бағишлаб “Cоҳибқирон Амир Темур – маънавият ва маърифат меъмори” мавзусида маънавий-маърифий тадбир ташкил қилинди.
Мазкур тадбирда Ўзбекистон Миллий университетидан фалсафа фанлари доктори Равшан Хомитов ўз маърузаси билан иштирок этиб, шу кунларда нафақат Ўзбекистон, балки жаҳонда инсоният тарихини ўзгартира олган, шарқнинг иккинчи ренессансини бошлаб берган буюк давлат арбоби ва ислоҳотчи, саркарда, даҳо бобомиз Амир Темур таваллудининг 686 йиллиги кенг нишонланётганлигини таъкидлади.
Амир Темур марказлашган давлатга асос солиб, унинг куч-қудратини ҳар томонлама мустаҳкамлаб ва ривожлантириб, шон-шуҳратини бутун жаҳонга ёйди, буюк салтанат ҳукмдори сифатида миллатлар ва халқларни бирлаштирди. Унинг даврида иқтисодиёт ва савдо, маданият ва илм-фан, меъморлик ва тасвирий санъат, мусиқа ва шеърият юқори чўққиларга кўтарилди.
Тадбир давомида институт курсантлар томонидан Амир Темур фаолиятига оид саҳна кўриниши намойиш этилди.
8.04.2022