Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Навоий вилоятида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходималари ўртасида семинар тренинг бўлиб ўтди
855
Навоий вилоятида “2020-2030 йилларда Ўзбекистон Республикасида гендер тенгликка эришиш стратегияси”га бағишланган “Ўзбекистон Республикаси Қуролли кучлари ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари тизимида хотин-қизларнинг ўрни” мавзусида семинар тренинг ташкил этилди.
Навоий вилоятида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходималари ўртасида семинар тренинг бўлиб ўтди

Мазкур семинарда Навоий вилояти Миллий гвардия бошқармаси, Ички ишлар бошқармаси, Вилоят прокуратураси, вилоят божхона бошқармасининг хотин-қизлар масалалари бўйича масъул ходимлари шунингдек, Аёлларни реабилитация қилиш ва мослаштириш маркази директори ҳамда бир қатор маҳалла фаоллари иштирок этдилар.

Семинарда сўзга чиққанлар, бугунги кунда гендер тенглиги йўналиши давлат сиёсати даражасига кўтарилганлиги ва бунинг натижасида мамлакатимиз ижтимой-сиёсий ҳаётида, давлат бошқарувида аёлларимиз ўзларини фаол намоён қилаётганликларини таъкидлаб ўтдилар.

Дархақиқат, Юртбошимиз томонидан олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг замирида ҳам, Янги Ўзбекистоннинг учинчи ренессансини барпо этишга қодир бўлган баркамол авлодни тарбиялашда хотин-қизларнинг ўрни жуда муҳим эканлигини кўришимиз мумкин.

Навоий вилояти божхона бошқармаси бўлим бошлиғи Н.Отамуродова ҳам семинарда сўзга чиқиб, ҳозирги кунда мамлакатимизда ва божхона органлари тизимида мазкур йўналишда амалга оширилаётган ислоҳотлар, эришилган ютуқлар ва келгусида режалаштирилган чора-тадбирлар ҳақида тўхталди. Жумладан, тизимда хизмат қилаётган хотин-қизларнинг самарали фаолият олиб боришлари, ўз устида ишлашлари, маданий хордиқ чиқаришлари, соғлиғига ғамхўрлик қилишлари, спорт билан мунтазам шуғулланишлари учун барча шарт-шароитлар яратилганлигини айтиб ўтди.

Шу билан бирга, жорий йилнинг 17 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Президенти раҳбарлигида “Божхонани коррупциядан ҳоли соҳага айлантириш” бўйича ўтказилган йиғилишда, Юртбошимиз томонидан соҳада аёлларнинг улуши 8 фоизни ташкил этиши таъкидланиб, келгуси 2 йилда бу кўрсаткични камида 2 баробарга ошириш топшириғи берилди. Албатта, хотин-қизларга кўрсатилаётган бундай эътибор, ходималаримизнинг янада масъулият ва ишонч билан хизматни олиб боришларига сабаб бўлади.

Бундан ташқари семинарда мазкур йўналишда яқинда қабул қилинган норматив хужжатлар, яъни 2022 йил 1 мартдаги Ўзбекистон Республикаси Президентининг
ПФ-81-сон “Оила ва хотин-қизлар билан ишлаш, маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги  Фармони, ПҚ-146-сон “Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги Қарори ҳамда, 2022 йил 7 мартдаги  ПФ-87-сон “Оила ва хотин-қизларни тизимли қўллаб-қувватлашга доир ишларни янада жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонининг мазмун моҳияти тўғрисида ҳам сўз юритилди.

Навоий вилояти божхона бошқармаси
Ахборот хизмати

6.04.2022

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг