Бу гал “Самарқанд” ТИФ божхона постига саёҳат ташкил этилди. Ўқувчилар бошқарма томонидан ташкил этилган автобусда божхона кузатуви машинаси назоратида манзилга етиб боришди.
Божхоначилар меҳмонларни кўтаринки руҳда кутиб олишди. Дастлаб ўқувчиларга мазкур божхона постида ташқи иқтисодий фаолият иштирокчиларига яратилган шароитлар ҳамда товарларни божхона расмийлаштирувидан ўтказиш тартиби бўйича тушунчалар бериб ўтилди. Буни қаранки, зукко ўқувчилар автотранспорт воситаларини божхона расмийлаштирувидан ўтказиш тартиби бўйича саволлар ҳам беришди.
Ходимлар ўқувчиларга электрон божхона юк декларациясини расмийлаштириш жараёни билан ҳам яқиндан таништириб ўтишди.
Божхона пости бош инспектори Ғолиб Мавлонов ўқувчи-ёшларга божхона омборида сақланаётган товарлар, товарларни божхона кўригидан ўтказиш тартиби юзасидан маълумот бериб ўтди. Божхона назорати остидаги товарлар ортилган автотранспорт воситаларига илинган божхона пломбалари ўқувчиларнинг эътиборини тортди.
Шундан сўнг кичик инспектор-кинолог хизмат ити ёрдамида автотранспорт воситасини божхона назоратидан ўтказиб, божхона органлари фаолиятида хизмат итларининг роли тўғрисида ахборот бериб ўтди.
Хизмат итининг маҳоратини томоша қилган ёшлар қалбида кинология касбига меҳри уйғонганлиги билиниб турарди.
Тадбирда саф тортган божхоначилар божхона байроғини кўтариб, майдондан олиб ўтишди. Бошқарма Кадрлар бўлими бошлиғи Худойберди Мелибоев ўқувчиларни Ўзбекистон Республикаси божхона хизмати органларининг байроғи ва фарқлаш белгиси билан таништириб, ҳарбийча саломлашиш тартиб-қоидаси бўйича машғулот ўтди.
4.04.2022