Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Божхона институтида мактаб ўқувчилари учун очиқ эшиклар куни ташкил этилди
949
Жорий йил 17 февраль куни Президентимиз томонидан илк бор божхона органлари фаолиятини такомиллаштириш бўйича ўтказилган тарихий йиғилишда божхона тизимини янада ислоҳ қилиш ва коррупциядан холи соҳага айлантириш бўйича бир қатор устувор йўналиш ва вазифалар белгиланди.
Божхона институтида мактаб ўқувчилари учун  очиқ эшиклар куни ташкил этилди

Шундай устувор йўналишлардан бири божхона органларининг халқ таълими тизими билан узвий ҳамкорлигини йўлга қўйиш ҳисобланади.

Мазкур ҳамкорлик доирасида ўқувчи ёшларнинг божхона соҳасига қизиқишини ошириш ҳамда ёшларни миллий ғоя ва Ватанга садоқат руҳида тарбиялаш, уларнинг қалби ва онгига Ватан ҳимояси шарафли ва муқаддас бурч эканини чуқур сингдиришга қаратилган тадбирлар мунтазам ташкил этиб келинмоқда.

Жумладан, жорий йил 4 апрель куни Божхона институтида умумтаълим мактаблари ўқувчилари учун "Божхоначи - шарафли касб!" мавзусида очиқ эшиклар куни ташкил этилди.

Тадбирда Тошкент шаҳар Шайхонтоҳур туманида жойлашган 180-сонли умумтаълим мактаби ўқувчилари иштирок этди.

Ўқувчиларга институт ходимлари томонидан ўқотар қуролларни тузилиши ва жанговар имкониятлари, танкка ва пиёдаларга қарши миналар хусусиятлари, саф тайёргарлиги машғулотлари, қўл жанги, карабинчилар чиқишлари, пневматик тўппончадан ўқ отиш ва автоматни қисмларга ажратиш ва қайта йиғиш машғулотлари кўрсатиб берилди.

Тадбир давомида мамлакатимизда ёш авлодни жисмонан ва маънан баркамол, ҳарбий-ватанпарварлик ва миллий қадриятларимизга ҳурмат руҳида тарбиялашга алоҳида эътибор қаратилаётгани таъкидланди.

Учрашувда институт курсантлари ва мактаб ўқувчилари ўртасида самимий суҳбатлар бўлиб ўтди. 

4.04.2022

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг