Қиш мавсуми арафасида аҳоли томонидан мумкин бўлмаган қўлбола печларнинг ишлатилиши оқибатида ёнғинларни келиб чиқишини олдини олиш мақсадида жойлар тарғибот ишларини олиб бораётган Самарқанд шаҳар ёнғин хавфсизлиги бўлими вакиллари вилоят божхона бошқармасига ташриф буюрди.
Шахсий таркиб иштирокида ўтказилган тадбирда шаҳар ёнғин хавфсизлиги бўлими бошлиғи, подполковник Ж.Бахриев сўзга чиқиб, ёнғинни келтириб чиқарадиган предметлар ва унинг оқибатларида тўғрисида атрофлича тўхталиб ўтди.
Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, жорий йилнинг ўтган 10 ойи давомида шаҳар ҳудудида 227 та ёнғин содир бўлиб, шундан 115 таси аҳоли истеъқомат қиладиган хонадонларда содир бўлган. Натижада 2 нафар фуқаро ҳалок бўлган, 4 нафари эса турли тан-жароҳатлари билан шифохонага ётқизилган.
Ёнғинни олдини олиш борасида вилоят божхона бошқармасида тасдиқланган чора-тадбирлар режаси асосида ишчи гуруҳ томонидан барча бино ва иншоотларнинг куз-қиш мавсумига тайёргарлик ҳолати ўрганиб чиқилган.
Ҳозирда бошқарма бўйича 53 та ўт ўчириш мосламалари жамланган бўлиб, улар қайта қувватлантирилган. Бошқарма биносига ва божхона постларига 5 та ёнғинга қарши жамланмалар ўрнатилган. 12 та ёнғин шланклари қайтадан синовдан ўтказилиб, соз ҳолатга келтирилган. Бошқарма бино қаватларида эвакуация тархи осилиб, шартли белгилар кўрсатилган ҳамда ички ёнғин сув кранлари ёнғин ўчириш анжомлари билан жиҳозланган.
Тадбирда ёнғин хавфсизлиги бўлими катта инспектори А.Махмудов ҳам сўзга чиқиб, ёнғин хавфсизлиги қоидаларининг бузилиши бугунги куннинг долзарб муаммоларидан бири эканлиги тўғрисида гапириб ўтди.
Мавжуд қонунчиликка кўра, фуқаролар ва мансабдор шахсларга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 84-(ўрмонларда ёнғин хавфсизлиги талабларини бузиш), 124-(транспортда ёнғин хавфсизлиги қоидаларини бузиш) ҳамда 211-(ёнғин хавфсизлиги қоидаларини бузиш) моддаларига мувофиқ жавобгарлик қўлланади.
Ёнғинлар билан боғлиқ жиноятлар учун жавобгарликнинг турлари ва муддатлари Жиноят кодексининг 173-моддаси 2–3-қисмлари ҳамда 259-моддаси 1–2-қисмлари билан белгиланади.
Юқорида қайд этилганлардан кўриниб турибдики, ёнғин хавфсизлиги қоидаларини бузганлик учун асосан маъмурий ва жиноий жавобгарлик назарда тутилган. Мазкур меъёрларга оддий фуқаролар ҳам, мансабдор шахслар ҳам бирдек амал қилиши шарт.
Тадбир якунида божхоначилар мавзу юзасидан ўзларини қизиқтирган саволларига мутахассислар томонидан атрофлича жавоб олишди.
Самарқанд вилояти
божхона бошқармаси
Ахборот хизмати
28.11.2018