Хусусан, Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармаси томонидан Нукус шаҳридаги 31-сонли умумтаълим мактаби ўқувчилари учун “Нукус” ташқи иқтисодий фаолият божхона постига очиқ эшиклар куни ташкил этилди.
“Божхоначи – шарафли касб” тадбири доирасида ташкил этилган ушбу учрашувда ўқувчиларга божхона соҳасининг кенг қамровли йўналиши бўйича асосий тушунчалар берилиб, пост фаолияти билан яқиндан таништирилди. Товарлар экспорти ва импорти, божхона расмийлаштируви, давлат бюджетига ундириладиган божхона тўловлари бўйича дастлабки тушунчалар амалиётда кўрсатилди.
Ўқувчиларга божхона постида ҳозирги қунда қўлланилаётган замонавий назорат техник воситалари намойиши билан бир қаторда, божхоначиларнинг яқин хизматдош дўсти саналувчи хизмат итларининг чиқишлари ҳам ташкил этилди.
Маҳоратли кичик инспектор-кинолог томонидан автотранспорт воситасининг хизмат ити ёрдамида божхона назоратидан ўтказилиши ва жараён давомида яширилган гиёҳвандлик воситасининг хизмат ити ёрдамида топилиши мактаб ўқувчиларининг ҳайратини янада ошириб, уларнинг тизимга бўлган қизиқишининг яна бир карра ортишига сабаб бўлди, десак муболаға бўлмайди.
Бугунги божхона постига саёҳатимиз давомида божхона ходимларининг машаққатли ва, шу билан бирга, жуда қизиқарли хизмати билан яқиндан танишишга муяссар бўлдик. Бугунги учрашувдан кейин мен ҳам келажакда жасур ва мард божхоначилар сафидан жой олишни ният қилдим – дейди мактабнинг 10-синф ўқувчиси Нурдаулет Жалғасбаев.
Тадбир якунида ўқувчилар соҳага оид ўзларини қизиқтирган барча саволларга тизим ходимлари томонидан батафсил жавоб олишди.
Ўқувчи ёшларда она Ватанга садоқатлик ҳиссини янада оширишга қаратилган тадбирлар бутун республикамиз бўйлаб давом эттирилмоқда.
Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармаси
Ахборот хизмати
2.04.2022