Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасида “еТIR” лойиҳаси ишга туширилди
7834
Бугун юртимиз тараққиётига хизмат қилувчи ислоҳотлар барча соҳаларда жадал тус олган. Натижалар ҳам шунга яраша. Андижон вилояти божхона бошқармасининг янги қиёфаси барчани лол қолдирди. Атиги бир йил аввал ҳам пост манзаралари бутунлай бошқача эди.
Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасида “еТIR” лойиҳаси ишга туширилди

Яқиндагина қайта бунёд этилиб, замонавий қиёфа касб этган мазкур пост Ўзбекистон-Қирғизистон чегарасидаги энг йирик халқаро аҳамиятга эга божхона пости ҳисобланади.

Бу ерда кунига 300 дан зиёд юк ва енгил автотранспорт воситалари ҳамда 6 минг нафардан зиёд йўловчилар ҳаракатланишини инобатга олсак, божхона назорати ва расмийлаштируви жараёнларига замонавий ва илғор инновацион технологияларни жалб қилиш ғоятда муҳим аҳамият касб этади.

Шулардан бири электрон ТИР лойиҳасидир. Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Божхона маъмуриятчилигини ислоҳ этиш ва Ўзбекистон Республикаси давлат божхона хизмати органлари фаолиятини такомиллаштириш тўғрисида” 2020 йил 5 июндаги ПФ-6005-сонли Фармонида Ўзбекистон Республикасида ТИР-карнет китобчалари асосида ташувларни электрон расмийлаштиришни назарда тутувчи еТIR лойиҳасини жорий этиш белгиланган эди.

Мазкур топшириқ ижроси доирасида еТIR лойиҳаси синов тарзида илк бор 2020 йил нобярь ойида Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасида йўлга қўйилган бўлса, 2021 йил май ойидан бошлаб, Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги ташувларларда ҳам кенг қўлланила бошланди.

2021 йил 25 майдан эътиборан юкларни халқаро ташишда «еТIR халқаро тизими» - “ТИР-карнет” китобчалари асосида ташувларни электрон расмийлаштириш тартиб-таомиллари дунё бўйлаб расман кучга кирди.

Ниҳоят 2022 йил 18 мартдан эътиборан, Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасида ҳам еТIR лойиҳаси ишга туширилди.

Шу муносабат билан мазкур постда ташкил этилган тадбирда Қирғизистон Республикаси божхона хизмати раиси ўринбосари Алмаз Салиев бошчилигидаги делегация “Дўстлик” чегара божхона постига ташриф буюрди.

Шунингдек, тадбирда Халқаро автомобил транспорти иттифоқи, Туркий давлатлар ташкилоти, Германия ҳамкорлиги ташкилоти, Ўзбекистон халқаро автомобилда ташувчилар уюшмаси вакиллари ҳам  иштирок этди.

Меҳмонларни юртимизга ташрифи билан қутлар экан, Давлат божхона қўмитаси Раисининг биринчи ўринбосари Илхом Мухторов сўнгги йилларда Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан олиб борилаётган фаол ташқи сиёсат доирасида энг аввало қўшни давлатлар, шу жумладан Қирғизистон билан ўзаро ҳамкорлик юқори даражага кўтарилганини мамнуният билан қайд этди.

Амалиётда TIR Конвенцияси деб аталадиган муҳим халқаро ҳужжатнинг 11-иловаси барча аҳдлашувчи томонларга электрон TIR китобчасидан фойдаланган ҳолда, маълумотлар алмашинуви орқали трансчегравий ташувларни амалга оширишга имкон яратади.

Содда қилиб айтганда, мазкур тизим миллий божхона тизимлари ўртасида товар ва транспорт воситалари, контейнерларнинг халқаро транзити учун хавфсиз маълумотлар алмашинувини таъминлашга хизмат қилади.

Европа иқтисодий комиссияси маълумотларига кўра, келажакда еТIR халқаро тизими имкониятларидан 34 мингдан ортиқ транспорт ва логистика компаниялари фойдаланиши, мазкур тизим трансчегаравий ташув вақтини 92 % гача, ҳаражатларни эса 50 %гача камайтириш имконини беради.

Тадбирда “Дўстлик” чегара божхона постига туташ ҳудуддаги янги божхона терминалининг тантанали очилиш маросими ҳам бўлиб ўтди.

Эътиборли томони шундаки, бундай терминал мамлакатимизда илк маротаба ишга туширилмоқда ва божхона  амалиётида шу вақтга қадар чегара постига туташ ҳудудда терминаллар мавжуд эмас эди.

Рамзий ленталар қирқилганидан сўнг, Давлат божхона қўмитаси Раиси биринчи ўринбосари Илхом Мухторов мазкур терминални божхона тартиб-таомилларини янада соддалаштириш, транспорт-логистика хизматларини ривожлантириш орқали тадбиркорларга қулай шарт-шароитлар яратиш борасидаги ислоҳотларнинг муҳим самараси сифатида эътироф этди.

Хорижий инвестор томонидан барпо этилган замонавий божхона терминали 6 гектар майдонни қамраб олади. Бу ерда божхона, банк, логистика, тезкор-лаборатория, фитосанитар, ветеринар, санитар-эпидемиологик, экологик, мувофиқликни баҳолаш ва бошқа хизматлар “Ягона дарча” тамойили асосида кўрсатилади.

Божхона терминалида  300 та юк автомобилларини сиғдира оладиган автотураргоҳ, 3000 м2 га тенг божхона омбори, расмийлаштирув зали, давлат назорати органлари учун хизмат хоналари, савдо дўконлари ҳамда бошқа бино ва иншоотлар мавжуд.

Божхона терминали замонавий техник воситалар, жумладан автотранспортларни кўрикдан ўтказадиган мобиль рентген қурилмаси, автотарози, автомобиллар рақамини аниқлаш ва видеокузатув тизимлари, замонавий компьютер техникалари ва бошқа қурилмалар билан жиҳозланди.

Янги қурилган божхона терминалида яратилган шарт-шароитлар авваламбор тадбиркорларга қулай ва ваколатли идораларга самарали назоратни ташкил этишга хизмат қилади.

Гарчи, божхона юк декларациялари электрон тарзда расмийлаштирилаётган бўлса-да, аммо божхона кўриги учун тадбиркорлар бу ердан 50-60 км. масофадаги ташқи иқтисодий фаолият божхона постига мурожаат қилишар эди. Энди эса  божхона терминали ҳудудида 13 та штат бирлигидан иборат божхона пункти ҳам ташкил этилди ҳамда бугундан тадбиркорларга тўлақонли ва туну-кун хизмат кўрсатишни бошлайди.

Ўз навбатида, божхона терминали ишга тушиши натижасида тадбиркорларнинг расмийлаштирув ва сертификатлаштириш учун сарфланадиган вақт ва ҳаражатлари қисқаради,  тирбандликлар бартараф этилади, божхона қонунбузарлик ҳолатлари олди олинади, халқаро рейтингларда Ўзбекистон ўрни кўтарилади ва  чегарадош ҳудуддаги 30 дан ортиқ аҳоли доимий иш билан таъминланади.

 “Дўстлик” божхона постида муҳим тадбирлар якунига етгач, постда Ўзбекистон ва Қирғизистон божхона хизмати делегацияларининг ишчи учрашуви бўлиб ўтди. Унда томонлар божхона соҳасидаги ҳамкорликнинг муҳим йўналишлари, ўзаро маълумотлар алмашинувини такомиллаштириш каби масалаларни атрофлича муҳокама қилишди. Музокаралардан сўнг божхона пости фаолияти билан яқиндан танишилди.

Тадбирлар якунига етгач, Давлат божхона қўмитаси Раиси биринчи ўринбосари пост орқали ҳаракатланаётган фуқаролар ва бу ерда хизмат олиб бораётган божхона ходимлари билан яқиндан сухбатлашди. Уларнинг пост фаолиятини янада такомиллаштириш юзасидан таклифлари билан қизиқди.

19.03.2022

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг