Хусусан, Қашқадарё вилояти божхона бошқармасида ёш ходимларни зиммасидаги вазифаларни сидқидилдан адо этишлари, одоб-аҳлоқ қоидаларига риоя қилишлари, шунингдек коррупция ва бошқа қонунбузарликларга қўл урмасликлари юзасидан уларнинг ота-оналари ва яқин қариндошлари билан очиқ мулоқот тарзида навбатдаги учрашув бўлиб ўтди.
Тадбирда тизимда хизмат қилаётган ёш ходимларнинг ҳамда Давлат божхона қўмитасининг Божхона институтида таҳсил олаётган курсантларнинг ота-оналари таклиф қилинди.
Бошқарма бошлиғининг ўринбосари О.Қодиров таъкидлаганидек, божхона ходимларининг асосий вазифаларидан бири мамлакатимизнинг иқтисодий манфаатларини ҳимоя қилиш ва унинг иқтисодий хавфсизлигини таъминлашдан иборат. Бу каби масъулиятли ва шарафли вазифаларни тўла адо этишда ходимларнинг ота-оналари ва яқин қариндошларининг ўрни беқиёс эканлигини билдириб ўтди.
Шунингдек, ёшларнинг маънавий-ахлоқий тарбияси, ҳуқуқий маданиятини ошириш, уларда ватанпарварлик фазилатларини шакллантириш жараёнида ота-оналарнинг фаол иштирокини таъминлаш бўйича фикр билдирилди.
Иштирокчиларга фарзандлар тарбияси, ҳулқ-атвори ҳамда коррупция каби иллатларга аралашиб қолмасликлари юзасидан бошқарманинг тегишли бўлимлари билан доимо ҳамкорликда иш олиб боришлари айтиб ўтилди.
Тадбир якунида эса Божхона институтида ўрнак бўлаётган курсантларнинг ота-оналарига ҳамда яқин қариндошларига миннатдорчилик билдирилди, иштирокчилар томонидан фикр-мулоҳазалар тингланди ҳамда улар томонидан йўлланган саволларга тўлиқ жавоблар қайтарилди.
Қашқадарё вилояти божхона бошқармаси
Ахборот хизмати
31.03.2022