Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
“Янгийўл” ТИФ божхона постида матбуот анжумани бўлиб ўтди
7754
Давлат божхона қўмитаси томонидан Тошкент вилояти божхона бошқармаси “Янгийўл” ТИФ божхона постида матбуот ва оммавий ахборот воситалари вакиллари, журналист ва блогерлар учун навбатдаги матбуот анжумани ташкил этилди. Тадбир давомида иштирокчилар Тошкент вилояти, Зангиота тумани, “Ўртаовул Логистик” АЖ худудида жойлашган “Янгийўл” ТИФ божхона пости ва бир қатор экспортёр корхоналарга ташриф буюришди.
“Янгийўл” ТИФ божхона постида матбуот анжумани бўлиб ўтди

Янги Ўзбекистон - янги дунёқараш. Хабарингиз бор, жорий йилнинг 17 февраль куни Президент Шавкат Мирзиёев божхона тизимини янада ислоҳ қилиш ва уни коррупциядан холи соҳага айлантириш масалалари бўйича йиғилиш ўтказди. Мазкур йиғилишда божхона тизими мамлакатимизни жаҳон иқтисодиёти билан боғлайдиган муҳим бўғин, деб таъкидланди.

Тадбир аввалида, оммавий ахборот воситалари ходимлари учун Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 16 июндаги “Давлат органлари ва ташкилотларининг фаолияти очиқлигини таъминлаш, шунингдек, жамоатчилик назоратини самарали амалга оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-6247-сонли Фармонига мувофиқ 2021 йил давомида қилинган ишлар юзасидан ахборот берилди.

Шунингдек, тадбирда бугунги кунда божхона органлари очиқлик ва шаффофлик тамойиллари асосида иш олиб бораётганлиги, хусусан, Очиқ маълумотлар портали ва расмий веб сайтда даврийлигига кўра жойлаштирилган тегишли маълумотлар ҳақида тўхатилиб ўтилди.

Жумладан, анжуманда Давлат божхона хизмати органлари томонидан давлат бюджетига ўтган 2021 йилда 33,2 трлн. сўмлик божхона тўловлари ундирилгани, ташқи иқтисодий фаолият иштирокчиларига божхона тўловларидан 38,2 трлн. сўмлик имтиёзлар қўлланилгани тўғрисида маълумот берилди.

Шу билан бирга 2021 йилда 3,7 трлн. сўмлик божхона тўловларини кечиктириб тўлаш имконияти берилди. 2021 йилда 9,2 млрд. АҚШ доллари қийматидаги товарлар “экспорт” божхона режимига расмийлаштирилди. “Made in Uzbekistan” ёрлиғи остидаги товарлар дунёнинг 110 га яқин мамлакатларига экспорт қилинди. 

Ҳозирда автомобиль ва темир йўлларда жойлашган чегара-божхона постлари 21 та инспекцион кўрик мажмуалари билан жиҳозланган.

Божхона органларида 64 та ахборот тизимлари ва 33 та электрон хизматлар жорий қилинган.

Аниқланган хавфлар асосида 684 та ҳолатда 38,8 млрд. сўмлик товар-моддий бойликларнинг ноқонуний олиб ўтилиши аниқланди.

Кўриклар сони 1,4 баробарга камайган бўлсада, уларнинг самарадорлиги 1,5 баробарга ошди.

2021 йилда ўтказилган 9596 та божхона экспертизаси натижасида салкам 100 млрд. сўм  миқдорда қўшимча божхона тўловлари ҳисобланди.

Божхона тизимга “Рақамли божхона” тамойилини кенг жорий қилинаётганлиги ташқи иқтисодий фаолият иштирокчиларининг ҳам вақтини, ҳам харажатларини тежашга хизмат қилмоқда. Кенг миқёсда жорий қилинаётган “Хавфларни бошқариш”, “Ягона дарча” каби божхона ахборот тизимлари ва электрон хизматлар кўмагида божхона назорати ва расмийлаштирувига сарфланаётган вақт тобора қисқармоқда.

Аҳамият беринг, божхона назоратида илғор технологияларни тадбиқ этилиши натижасида божхона декларациясини расмийлаштириш вақти экспортда 1,7 баробарга, импортда эса 1,4 баробарга қисқартирилди. Шу билан бирга, 76 фоиз БЮДлар соддалаштирилган тартибда расмийлаштирилган, бу кўрсаткич экспортда 84 фоизни ва импортда 74 фоизни ташкил этади.

Тадбир давомида Тошкент вилояти божхона бошқармаси "Божхона назоратини ташкил этиш" бўлими бошлиғи Сафар Назаров, журналистларга “Янгийўл” ТИФ пости ҳақида маълумот берди.

“Янгийўл” ташқи иқтисодий фаолият божхона постида 2022 йилнинг 3 ойи давомида 3200 та божхона юк декларациялари расмийлаштирилиб, улар бўйича 130 млрд. сўмлик божхона тўловлари давлат бюджетига ўтказилган.

Мазкур пост орқали тадбиркорларимиз томонидан ишлаб чиқарилган салкам 180 млн. АҚШ долларидан зиёд маҳсулотлар хорижга экспорт қилинган.

Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш, уларга божхона тўловлари бўйича имтиёзлар бериш йўналишида ҳам бир қатор ишлар амалга оширилган.

Мазкур пост томонидан тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш йўналишида бир қатор ишлар амалга оширилган.

Жумладан, 100 дан ортиқ турдаги ишлаб чиқариш учун фойдаланиладиган хом-ашё, технологик асбоб ускуналар, маиший техника ва уларнинг қисмлари каби товарларнинг божхона расмийлаштирувида 450 млрд. сўм божхона тўловларидан имтиёзлар берилган.

Божхона постида яширин иқтисодиётни қисқартириш, ноқонуний товар-моддий бойликларнинг юртимиз ҳудудига кириб келишини олдини олишга қаратилган бир қатор чора-тадбирлар ҳам амалга оширилган.

Хусусан, ўтган даврда 3 та ҳолатда 178 млн. сўмдан ортиқ товарларнинг ноқонуний кириб келишининг олди олиниб, давлат бюджетига тўланиши лозим бўлган божхона тўловларининг ундирилиши таъминланган.

Божхона пости назоратида 11 та божхона омборлари мавжуд бўлиб, 9 таси (очиқ турдаги божхона омбори — ҳар қандай шахслар фойдаланиши мумкин бўлган божхона омбори), 1 таси (ёпиқ турдаги божхона омбори — лицензиат товарларини сақлашга мўлжалланган божхона омбори, қонунчиликда назарда тутилган ҳолатлар бундан мустасно. Ёпиқ турдаги божхона омборига лицензиат товарларидан ташқари унинг таркибий тузилмалари товарлари ҳам жойлаштирилиши мумкин) ҳамда 1 таси (Эркин омбор — махсус жиҳозланган ва белгиланган жой бўлиб, биноларнинг ҳудудини ва (ёки) очиқ майдончаларни ўз ичига олади ҳамда товарларни эркин омбор режимида божхона назорати остида сақлашга мўлжалланган) турдаги божхона омборлар ҳисобланади.

Мазкур божхона омборларининг барчаси видеокузатув мосламалари билан жиҳозланган бўлиб, видеотасвирларни ойлайн тарзда Давлат божхона қўмитаси ҳамда ҳудудий бошқармаси орқали кузатиш имконияти мавжуд.

Пресс турнинг навбатдаги манзили Тошкент вилояти, Янгийўл туманида жойлашган "International Paper" МЧЖ бўлди.

Бу ерда журналистларга корхона фаолияти, ишлаб чиқариш жараёнлари, ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар, экспорт-импорт жараёнлари, корхонанинг келгусидаги лойиҳалари бўйича маълумотлар берилди.

Корхона ҳар хил турдаги қоғоз махсулотларини ишлаб чиқаришга ихтисослашган бўлиб, ўз фаолиятини 2004 йилда бошлаган. Ҳозирда бу ерда 350 нафар ишчилар хизмат қилади. Корхонада йилига 12 минг тонна тайёр маҳсулот ишлаб чиқарилиб, хорижий мамлакатларга жумладан Козоғистон, Тожикистон, Озарбайжон, Кирғизистон, Туркманистон давлатларига экспорт амалга оширилади. Корхона ҳудуди 6.8 гектар майдонда жойлашган бўлиб, лойиҳа қиймати 5.1 млрд. сўмни ташкил этади.

Корхона раҳбари ўринбосари Асатилла Мухаммедов журналистларга корхона томонидан ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар, корхона фаолияти юзасидан батафсил маълумотлар берди.

Корхона томонидан ишлаб чиқарилган маҳсулотлар “Янгийўл” ташқи иқтисодий фаолият божхона пости орқали хорижий бозорларга йўналтирилади.

Корхона 1 млн 260 минг АҚШ доллари қийматидаги маҳсулотларни экспорт қилган.

Божхона юк декларацияларининг асосий қисми яшил йўлакка йўналтирилмоқда.

Декларацияларнинг 70 %дан ортиғи инсон омилисиз автоматик равишда расмийлаштирилмоқда.

Ўтказилган тадбирлар давомида журналистлар ўзларини қизиқтирган барча саволларга атрофлича жавоблар олишди.

Ташкил этилган бу каби медиа турларда журналистлар энг аввало мавзунинг ичига кириб бориш ва ҳар бир детални пухта ўрганиш имконига эга бўлишди.

Бу эса табиийки, улар томонидан тайёрланадиган материалларнинг янада батафсил ва таъсирчан бўлишига хизмат қилади.

 

29.03.2022

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг