Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Ўзбекистон божхоначилари Дубай божхонаси билан танишишди
1770
Яқинда Давлат божхона қўмитаси делегацияси Бирлашган Араб Амирликларининг божхона органлари учун кадрлар тайёрлаш ва рақамлаштириш соҳасидаги энг илғор тажрибаларини ўрганиш мақсадида Дубай шаҳрида бўлиб қайтди.
Ўзбекистон божхоначилари Дубай божхонаси билан танишишди

БАА товар айланмасининг 90 фоизи Дубай божхона хизмати томонидан расмийлаштирилади. Товарларни ташув жараёнлари авто, темир йўл, аэро ва асосан денгиз транспорти орқали амалга оширилади.

Дубай божхонаси назорат қилувчи ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идора ҳисобланса-да, Дубай ҳукуматининг Портлар, божхона ва эркин зона корпорацияси таркибига киритилган.

Дубай божхонаси транспорт, логистика, ахборот технологиялари, портлар, туризм соҳасидаги бир қатор давлат идоралари ва хусусий корхоналар билан бевосита ҳамкорликда фаолият кўрсатади.

Дубай божхонаси таркибида 4 та департамент, 6 та дивизион ва уларнинг таркибий қисми ҳисобланган 21 та бошқармалар мавжуд.

Мамлакатга товарларни импорт қилиш учун юридик шахс БААда рўйхатдан ўтиши ва тегишли лицензияга эга бўлиши керак. Бунда компаниянинг камида 51 фоизи Амирлик фуқаросига тегишли бўлиши лозим.

Хизмат сафари давомида Давлат божхона қўмитаси вакиллари “Джабаль-Али” портида бўлишди.

1979 йил 26 февралда фаолият бошлаган ушбу порт Дубай амирлигида жойлашган эркин иқтисодий зона бўлиб, умумий майдони 19.000 кв метр бўлган 7 та голланд омбори, 90.5 кв метр ёпиқ ва 960.000 кв метр очиқ омборлари мавжуд.

Порт Dubai Ports World (DP World) томонидан бошқарилади. Бугунги кунда дунёнинг 120 та мамлкатига тегишли 5000 дан зиёд компания портда фаолият юритади.

Порт хизматидан фойдаланувчи кема турларининг 38 фоизи контейнер кемаси, 13 фоизи нефть/кимёвий танкерлар, 9 фоизи қуйма юк ташувч, 8 фоизи транспорт воситаларини ташувчи ва 6 фоизини умумий юк ташувчи кемалар ташкил қилади. Портда инспекцион кўрик мажмуаларидан кенг фойдаланилади.

Божхона расмийлаштируви жараёнлари “E-Mirsal 2” ахборот тизими орқали амалга оширилиб, божхона кўриги натижалари ҳам ушбу тизимга киритилади.

Тизимда жараёнлар қадамма-қадам кўринишда акс эттирилганлиги билан ходимга қулайлик яратилган.

Божхона кўриги жараёни танланма асосда ўтказилиб, контейнерга юкланган товарларнинг ихтиёрий қисмидан намуна олиш орқали амалга оширилади.

Рухсатнома ҳужжатлари, хусусан карантин назорати, озиқ-овқат хавфсизлиги назорати идоралари божхона идораси биноси билан туташ биноларда жойлашган бўлиб, рухсатномалар аксарият ҳолатда 1 суткагача муддатда расмийлаштириб тақдим этилади.

Шунингдек, Ўзбекистон божхона хизмати вакиллари Дубай аэропорти, хусусан, бу ердаги божхона ходимларининг видеокузатув мониторинг маркази фаолияти билан ҳам яқиндан танишишди.

Аэропортда назорат қилувчи идоралар, шу жумладан божхона ходимлари учун аэропортда камералар тасвирларини кузатиб бориш учун алоҳида хона ажратилган.

Мазкур хонада фуқароларни кузатиш учун 200 дан ортиқ видеокузатув камералари уланган (жами аэропортда 3000 дан ортиқ камера мавжуд).

Видеокузатув камералари имконияти ёрдамида йўловчиларнинг майда жиҳатларини (хаттоки қўл соатидаги вақтини) кузатиш мумкин. Доимий равишда 4 та ходимнинг нормал шароитда хизмат олиб бориши учун хона замонавий талаблар асосида жиҳозланган.

Аэропортга кириш йўналишида ҳаракатланувчи барча шахсларнинг қўл юкларини тўлиқ рентген қурилмаси ёрдамида божхона назоратидан ўтказиш йўлга қўйилган. Рентген тасвирида шубҳали деб топилган қўл юки алоҳида йўлакка ўтказилиб бошқа ходим томонидан назоратдан ўтказилади.

Миграция хизмати томонидан мамлакатга кириб келаётган фуқароларни “Ақлли дарвозалар” (SMART GATES) технологиялари ёрдамида идентификация қилиш тизими жорий қилинган. Ушбу ускуналар томонидан йўловчининг фото тасвири ва паспортаги тасвири мос эмас деб топилган тақдирда физик текширув учун миграция хизмати пунктига ўтиш бўйича тавсия қилинади.

Ташриф давомида Dubai University нинг божхона органлари учун кадрлар тайёрлаш тизими билан ҳам яқиндан танишилди.

Университет Дубай савдо саноат палатаси томонидан ташкил этилган бўлиб, иқтисод ва ахборот технологиялари соҳаларида 11 та йўналиш бўйича бакалавр, иқтисод ва юриспруденция соҳасида 10 та йўналишда магистр даражасига эга кадрлар тайёрлайди.

Университетда бакалавриатнинг “Божхона иши” таълим йўналиши бўйича кадрлар тайёрлаш Бизнес мактаби томонидан амалга оширилади.

“Dubai customs Training center”да  эса божхона органларида хизмат олиб бораётган ходимлар қайта тайёрланади ва малакаси оширилади. Марказ нафақат тайёрлов функциясини, балки  янги инновацияларни ишлаб чиқиш ва жорий этиш платформаси вазифасини ҳам бажаради.

Бир сўз билан айтганда Дубай божхонаси тажрибасида ўрганишга, ўзлаштиришгар арзирлик жиҳатлар кўп. Божхона ходимларининг БААга хизмат сафати божхона ишини такомиллаштиришда янги ғоя ва таклифлар учун хизмат қилади.

26.03.2022

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг