Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Бухорода тадбиркорлар билан сайёр учрашувлар давом этмоқда
1050
Божхона органлари томонидан тадбиркорлик субъектларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, бюрократик тўсиқларни қисқартириш ҳамда уларнинг мурожаатларини ўз вақтида кўриб чиқиш ва амалий ёрдам кўрсатиш мақсадида Бухоро вилоятининг барча ҳудудларида учрашув ва давра суҳбатлари ташкил этиб келинмоқда.
Бухорода тадбиркорлар билан сайёр учрашувлар давом этмоқда

Эслатиб ўтамиз, Давлат раҳбари томонидан жорий йилнинг 17 февраль куни “Божхона маъмурчилигини янада такомиллаштириш ва уни коррупциядан ҳоли тизимга айлантириш” мавзусида видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтган эди.

Йиғилишда берилган топшириқлар ижроси юзасидан, Бухоро шаҳрида фаолият юритаётган “Ever White Group” ва “Sultan Techno Groups” масъулияти чекланган жамиятларининг фаолияти ва истиқболли лойиҳалари билан яқиндан танишиш мақсадида вилоят божхона бошқарма бошлиғи ўринбосари Э.Рахматов бошчилигида сайёр учрашувлар ташкил этилди.

Маълумот ўрнида, “Ever White Group” МЧЖ пахта толаларини тайёрлаш ва йигириш билан шуғулланади. 2021 йилда мазкур корхона томонидан 500 минг. АҚШ доллар миқдорида Хитойдан замонавий технологик асбоб-ускуналарини олиб келиб, бугунги кунгача 2 млн АҚШ долларлик товарларни Россия, Туркия ва Қирғизистон давлатларига экспорт қилган. Корхонада 50 киши иш билан таъминланган.

Шунингдек, “Sultan Techno Groups” МЧЖ шишани қайта ишлаш билан шуғулланувчи корхона ҳисобланади. Ушбу корхона ҳам 2021 йилда Хитойдан 392 минг АҚШ доллари миқдорида замонавий асбоб-ускуналар олиб келиб ўрнатилган. Бугунги кунда турли хил ҳажмдаги шиша идишлари ишлаб чиқарилмоқда. Корхонада 33 киши иш билан таъминланган.

Айтиш жоизки, тадбиркорларга бу каби кўрсатилаётган амалий ёрдамлар натижасида маҳаллий ишлаб чиқариш, экспорт кўрсаткичлари тобора ортади. Бу эса ўз навбатида юртимиз иқтисодиётининг янада ривожланишига ва аҳоли фаровонлигига хизмат қилади.

25.03.2022

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг