Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Божхона тизимини коррупциядан холи қилиш – энг устувор вазифа
1381
Божхона тизимини коррупциядан холи қилиш – энг устувор вазифа

 “Коррупцияга қарши курашишда аҳолининг барча қатламлари,
энг яхши мутахассислар жалб қилинмас экан, жамиятимизнинг
барча аъзолари, таъбир жоиз бўлса, “ҳалоллик вакцинаси” билан
эмланмас экан, ўз олдимизга қўйган юксак марраларга эриша олмаймиз.
Биз коррупциянинг оқибатлари билан курашишдан унинг барвақт
олдини олишга ўтишимиз керак”

 

Ўзбекистон Республикаси Президенти 
Ш.М.Мирзиёев

Хабарингиз бор, Давлатимиз раҳбари ҳузурида жорий йилнинг 17 февраль куни божхона тизимини янада ислоҳ қилиш ва коррупциядан ҳоли соҳага айлантириш масалалари бўйича видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтган эди.

Мазкур йиғилишда Давлат раҳбари томонидан божхона тизимини коррупциядан ҳоли қилиш энг устувор вазифа эканини, бу соҳа бошқа давлат идораларига намуна бўлиши кераклигини таъкидланди.

Бунинг учун эндиликда соҳага замонавий комплаенс тизими жорий этилади.

Мазкур топширқлар ижросини таъминлаш, соҳани коррупциядан ҳоли тизимга айлантириш мақсадида Тошкент шаҳар божхона бошқармаси “Тошкент-товар” ташқи иқтисодий фаолият божхона постида “Коррупцияга қарши курашишда барчамиз бирдек масъулмиз!” мавзусида профилактик тадбир ташкил этилди.

Таъкидлаш жоизки, коррупция ҳар қандай давлат ва жамиятнинг сиёсий-иқтисодий ривожланишига жиддий путур етказади, давлатнинг конституциявий асосларини ва қонун устуворлигини заифлаштиради, пировардида инсон ҳуқуқ ва эркинликларининг поймол бўлишига олиб келади.

Тадбирда жамиятда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш, коррупция ва унга имкон бераётган омилларни вақтида аниқлаш ва унга ўз вақтида чек қўйиш давлат ва жамият ҳаётининг барча соҳаларидаги долзарб вазифа эканлиги, коррупцияга қарши курашишда энг аввало ҳар бир божхона ходимида ҳалоллик иммунитетини ошириб ва бу билан коррупциянинг ҳар қандай кўринишига муросасиз курашиш лозимлиги, Давлатимиз томонидан яратиб берилаётган шарт-шароитларга постда хизмат қилаётган ходимлар ўзининг Ватанга садоқати ҳамда ҳалол ва пок меҳнати билан жавоб қайтариши лозимлиги таъкидланди.

Божхона тизимида ходимларга қулай шарт-шароитлар яратиш, кадрлар потенциалини мустаҳкамлаш, божхона ходимларининг ижтимоий ҳимояси борасида катта ислоҳотлар амалга оширилаётганлиги, божхона ходимлари нопок йўлларга кириб қолмаслиги ва бундай ҳолатларни олдини олишда барча ходимлар бирдек маъсул эканлиги айтиб ўтилди.       

Тадбир сўнгида ходимлар ўз хизмат вазифаларини сидқидилдан бажаришлари, доимий равишда ўз устида ишлаб, билим савиясини ва тажрибаларини ошириб боришлари лозимлиги, атрофидаги ҳамкасбининг ҳар бир ноодатий хатти-ҳаракатларига бефарқ бўлмасликлари, ана шундай ҳолатлар кузатилганда бевосита пост ҳамда бошқарма раҳбариятини хабардор қилишлари мумкинлиги таъкидлаб ўтилди.

Хулоса ўрнида шуни айтишимиз мумкинки, коррупция мураккаб ижтимоий ҳодиса бўлиб, унга қарши курашиш учун алоҳида чораларни қўллаш самарали ҳисобланмайди, коррупцияга қарши курашишда давлат ва жамиятнинг ўзаро жипслиги талаб этилади. Шу сабабдан фуқаролардан божхона қонунчилиги бузилишига доир ҳолатлар юзасидан Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитасининг қисқа 11-08 рақамли ҳамда Тошкент шаҳар божхона бошқармасининг (71)  207-09-39 телефон рақамига қўнғироқ қилишларини сўраб қоламиз.

Зеро, бу йўналишда олиб борилаётган ислоҳотлар фуқаролар томонидан ҳам фаоллик кўрсатилсагина, кўзланган натижани бериши мумкин. Шундай экан коррупцияга қарши курашда жамоатчилик назоратини кучайтиришимиз, барчамиз бирга ҳаракат қилмоғимиз зарур. Бунда коррупцияга қарши курашиш фаолиятининг мақсади ва объекти сифатида алоҳида олинган коррупционер эмас, балки ушбу хатти-ҳаракатларни амалга оширишга шароит яратиб берувчи ҳолатларни бартараф қилишимиз, унинг олдини олиш чораларини кўрган ҳолда ҳаракат қилмоғимиз лозим бўлади.

 Миразиз Каримов,
Тошкент-товар” ТИФ божхона пости инспектори

 

25.03.2022

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг