Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Давлат божхона қўмитаси ижтимоий тармоқларда тарқалган хабарлар юзасидан муносабат билдиради
7951
2022 йил 11 март куни Ўзбекистон Республикаси ИИВ Жиноят қидирув бош бошқармасининг тезкор маълумотига асосан, Термиз шаҳрида вилоят ИИБ Жиноят қидирув бошқармаси, Давлат хавфсизлик хизмати ҳамда вилоят божхона бошқармаси тезкор ходимлари томонидан ҳамкорликда тезкор тадбир ўтказилган.

Тезкор тадбир давомида, вақтинча Термиз шаҳрида яшовчи, Афғонистон Ислом Давлати фуқароси Мухтор Салим (исм шарифлар ўзгартирилган)нинг яшаш уйи холислар иштирокида кўздан кечирилди.

Натижада, бу ерда Афғонистон Ислом Давлати фуқароси Мухтор Ҳайдар томонидан Афғонистондан олиб келинган 3 дона чемодан ичида бўлган 14 дона лаганнинг ички қисмига соф вазни 13 кг. 990,04 гр. бўлган “героин” гиёҳвандлик воситаси жойлаштирилганлиги аниқланди ва процессуал тартибда ҳужжатлаштириб олинди.

12 март куни ушбу шахсларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 273-моддаси 5-қисми билан жиноят иши қўзғатилган. Мазкур ҳолат юзасидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Шунингдек, “Айритом” чегара божхона пости орқали ҳаракатланган вақтида, ушбу фуқароларни ва уларга тегишли қўл юкларини божхона назоратидан ўтказган “Айритом” чегара божхона пости ходимларининг хатти-ҳаракатларига қонуний баҳо бериш мақсадида, 2022 йил 14 март куни хизмат текшируви тайинланган.

Давлат божхона қўмитаси божхона органлари фаолиятига доир холис ва ҳаққоний хабарларни эълон қилишда оммавий ахборот воситалари, кенг жамоатчилик вакиллари билан ўзаро ҳамкорликка доимо тайёр эканлигини маълум қилади.

24.03.2022

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг