Тадбир бошқарма бошлиғи З.Турдалиевнинг кириш сўзи билан бошланди.
Қайд этилганидек, тадбир Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёев раҳбарлигида 2022 йил 17 февраль куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида Давлат божхона қўмитасига юклатилган вазифалар юзасидан ташкил этилди. Асосий мақсад эса, ёш авлодни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, мамлакатимиз миллий ва иқтисодий хавфсизлигини таъминлашда пойдевор яратиш, шу билан бирга, божхона касбини эгаллашда кўмакдош бўлишдир.
Тадбир бир неча босқичда ва бошқарманинг турли ҳудудларида ташкил этилди.
Дастлаб, иштирокчи ёшларга божхона органларининг 30 йиллиги муносабати билан “Божхона заҳмати”, “Божхоначилар”, “Қаҳрамон божхоначилар хотираси” мавзуларидаги клиплар намойиш этилди.
Мазкур жараёнга боғланиб кетилган божхоначиларнинг кундалик, байрамона ва дала кийим-бош формалари намойиши ўқувчиларнинг келгусида божхоначи касбини танлашлари учун туртки бўлди, десак, муболаға бўлмайди. Сабаби, кийган формаси эгнига ярашиб турган ўғил-қизларнинг кўриниши, шунингдек мамлакатни иқтисодий хавфсизлигини таъминлашдек шарафли касбни кўпчилик истайди.
Тадбирнинг галдаги қисмида, божхона ходимининг кўмакчиси бўлган хизмат ити фаолияти намойиш этилди.
Кичик инспектор-кинологнинг сўз ва ишоралари билан берган буйруқларини тўғри бажараётган хизмат итининг хатти-ҳаракатлари ўқувчи ёшларда катта таассурот қолдирди.
Тадбирнинг яна бир қизиқарли қисми, бошқарманинг мини футбол майдонида ташкил этилди.
Унда иштирокчи ёшларга божхона фаолиятида фойдаланиладиган назорат техник ва ҳарбий техник воситалари кўргазмаси намойиш этилди. Ўқувчилар божхона назоратининг замонавий техник воситалари билан яқиндан танишишар экан божхонанинг заҳматини бир лаҳза бўлса ҳам ҳис қилиб кўришди.
Тадбир давомида бошқарма раҳбарияти ўқувчи ва ўқитувчиларнинг қизиқтирган саволарига батафсил жавоб қайтаришди.
Якунда, ўқувчилар бошқармада янгидан ташкил этилган “Масофавий электрон декларациялаш” божхона пости фаолияти билан таништирилиб, мактаб жамоасига бадиий китоблар совға қилинди.
Қашқадарё вилояти божхона бошқармаси
Ахборот хизмати
17.03.2022