Тренингда Давлат божхона қўмитасининг Марказий аппарати, Тошкент вилояти ва Тошкент шаҳри бўйича бошқармалари, Божхона институти ва “Тошкент-АЭРО” ихтисослаштирилган божхона комплексининг 32 нафар ходимлари бевосита, шунингдек Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар божхона бошқармаларининг масъул ходимлари видеоконференция тарзида билвосита иштирок этишмоқда.
Таъкидлаш жоизки, Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев 2017 йил 22 декабрда Олий Мажлисга Мурожаатномасида жорий йилда тадбиркорлик субъектлари учун божхона кўригида хавф-хатардан огоҳ этиш тизими жорий этилишини таклиф қилгандилар.
Ушбу таклифни ҳаётга тўла татбиқ этишда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 12 апрелдаги «Ўзбекистон Республикаси давлат божхона хизмати органлари фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони ҳал қилувчи роль ўйнади. Яъни, ушбу Фармон билан Давлат божхона қўмитаси таркибида Хавфларни мониторинг қилиш ва баҳолаш бошқармаси ташкил қилинди.
Бошқарманинг асосий вазифалари сифатида божхона органларида божхона қонун ҳужжатлари бузилиши хавфи юқори бўлган товар ва ташқи иқтисодий фаолият қатнашчиларини назорат қилиш учун куч ва воситаларни жамлашни назарда тутувчи хавфни бошқаришнинг автоматлаштирилган тизимини жорий этиш юкланди.
Ўтган қисқа фурсат давомида давлат божхона хизмати органлари томонидан мавжуд куч ва воситалар, ахборот ресурсларидан фойдаланиб, ушбу йўналишда жаҳоннинг етакчи давлатларида божхона назорати соҳасида қўлланилаётган ахборот технологиялари имкониятларини ўрганган ҳолда хавфларни автоматлаштирилган бошқариш тизими ишлаб чиқилди.
Шунингдек, мазкур тизим халқаро экспертлар томонидан амалий тартибда ўрганиб чиқилиб, умумэътироф этилган халқаро стандартларга тўла мослиги юзасидан тегишли хулосалар берилди. Ва ниҳоят 2018 йилнинг 1 сентябридан бошлаб ушбу тизим синов тарзида ишга туширилди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 24 ноябрь куни “Божхона маъмурчилигини такомиллаштириш ва Ўзбекистон Республикаси давлат божхона хизмати органлари фаолияти самарадорлигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” Фармонига мувофиқ божхона соҳасига Хавфларни автоматлаштирилган бошқариш тизими тўлиқ режимда амалиётга жорий этилмоқда. Эндиликда товар ва транспорт воситалари учун ҳам божхона назоратида махсус йўлаклар жорий этилади.
Жумладан, 2018 йил 1 декабрдан бошлаб “сариқ” ва “қизил” йўлаклар ишга туширилса, 2019 йил 1 мартидан бошлаб, “яшил” ва “кўк” йўлаклар жорий этилади.
“Сариқ йўлак”, бунда божхона декларацияси, ҳужатлар ва маълумотларни текшириш бўйича божхона назорати шакллари хавф даражаси ўрта кўрсаткичга эга ёки тасодифий танловда аниқланган товар ва транспорт воситаларига нисбатан амалга оширилади.
“Қизил йўлак”, бунда божхона назорати шакллари хавф даражаси юқори кўрсаткичга эга ёки тасодифий танловда аниқланган товар ва транспорт воситаларига нисбатан амалга оширилади.
“Яшил йўлак”, бунда хавф даражаси паст бўлган товар ва транспорт воситаларини чиқариб юбориш тўғрисидаги қарор қабул қилинганида, божхона назорати шакллари уларга нисбатан амалга оширилмайди.
“Кўк йўлак”, бунда хавф даражаси ўрта кўрсаткичга эга ёки тасодифий танлов асосида аниқланган товарларга нисбатан божхона назорати шакллари улар чиқариб юборилганидан сўнг амалга оширилади. Ушбу йўлакка йўналтирилган товарларга нисбатан божхона назорати белгиланган тартибда Давлат божхона қўмитасининг марказий аппарати ва унинг ҳудудий бошқармалари томонидан амалга оширилади.
“Сариқ” ва “қизил” йўлаклар мос равишда 70 ва 30 фоиз нисбатда товар ва транспорт воситаларининг хавф профиллари ёки тасодифий танлаш асосида қўлланилади. “Яшил ва ”“кўк” йўлаклар амалга киритилган кундан бошлаб, ушбу фоиз нисбати мазкур тизимни қўллаш самарадорлиги мониторинги асосида белгиланади.
Божхона ходими хавфларни автоматлаштирилган бошқариш тизими буюрган божхона операцияларини бажаришга мажбур ҳисобланади.
Ушбу тизимнинг жорий этилиши ҳар томонлама таҳлил асосида божхона назорати объектларини аниқлаш, шунингдек, ташқи иқтисодий фаолият иштирокчилари учун маъмурий тўсиқларни камайтиришга, божхона назорати хажмининг камайишига, сифатининг ошишига, мавжуд куч ва воситалардан оптимал фойдаланишга, ҳалол ва виждонли ташқи иқтисодий фаолият иштирокчиларини рағбатлантиришга, аксинча божхона қонунчилигини бузишга уринган ташқи иқтисодий фаолият иштирокчилари ўртасида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси самарадорлигини оширишга хизмат қилади.
Семинар-тренинг давомида иштирокчилар хавфларни бошқариш бўйича дунё амалиётида илғор қўлланилаётган хорижий тажрибалар билан танишишади. Шунингдек хавфларни автоматлаштирилган бошқариш тизимини янада такомиллаштиришга қаратилган тегишли тавсиялар ишлаб чиқилади.
26.11.2018