Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузурида 2022 йил 17 февраль божхона маъмурчилигини янада такомиллаштириш ва соҳани коррупциядан ҳоли тизимга айлантириш бўйича устувор вазифалар юзасидан ўтказилган йиғилишда ёшларни божхона органларига қизиқтиришни энг аввало мактабдан бошлаш юзасидан берилган муҳим топшириқлар ижроси доирасида Божхона институтида таҳсил олувчи курсантлар ва ўқитувчилар иштирокида Тошкент шаҳар Шайхонтоҳур туманида жойлашган 254-сонли умумтаълим мактабида ўқувчи-ёшлар билан “Офицерлик мардлар касби!” мавзусида маънавий-маърифий тадбир ташкил этилди.
Тадбир давомида мамлакатимизда ёш авлодни жисмонан ва маънан баркамол, ҳарбий-ватанпарварлик ва миллий қадриятларимизга ҳурмат руҳида тарбиялашга алоҳида эътибор қаратилаётгани таъкидланиб, институт курсантлари ва мактаб ўқувчилари ўртасида самимий муносабат шаклланиб, ўқувчилар томонидан ҳарбий хизматчи ва божхона ходими бўлиш йигит киши учун олий шараф эканлиги таъкидлаб ўтилди.
Тадбирда ўқувчиларга институт ходимлари томонидан ўқотар қуролларни тузилиши ва жанговар имкониятлари, саф тайёргарлиги машғулотлари, қўл жанги, карабинчилар чиқишлари, пневматик тўппончадан ўқ отиш ва автоматни қисмларга ажратиш ва қайта йиғиш машғулотлари кўрсатиб ўтилиб, Божхона институтининг иқтидорли курсантларидан таркиб топган Карабинчилар гуруҳи ва қўл жанги гуруҳи ўзларининг чиқишларини йиғилганларга ҳавола этишди.
Болаларнинг ёш бўлишларига қарамай, Ватанни қўриқлаш ва ҳимоя қилиш нақадар машаққатли ва шарафли иш эканлигини ҳис этаётганликлари кўзларида ҳам акс этди.
17.03.2022