Ўтган йиллар мобайнида Президентимиз томонидан қабул қилинган қатор фармон ва қарорларларда суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини таъминлашга қаратилган мустаҳкам ҳуқуқий ва ташкилий институционал тизим яратилди.
2017 йил 6 сентябрдаги “Суриштирув институти такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонуни мамлакатимизда терговга қадар текширувни мустақил институт сифатидаги мақомини мустаҳкамлади ҳамда терговга қадар текширувни тезкорлик билан ўтказилишини таъминлашга, суриштирув фаолияти сифатини оширишга, шунингдек жиноят ишларини текширишда бир-бирини такрорлашларнинг олдини олишга хизмат қилди.
Шу билан бирга, мамлакатимиз жиноят-процессуал қонунчилиги бўйича терговга қадар текширув фаолиятини самарали ташкил этиш, ушбу фаолиятни амалга оширувчи органларнинг ваколат ва вазифаларини аниқ белгилаш ҳамда ҳуқуқни қўллаш амалиётини такомиллаштириш билан боғлиқ масалаларни илмий-амалий таҳлил қилиш муҳим аҳамият касб этади.
Давлат божхона қўмитасининг Божхона институтида Суриштирув ва маъмурий амалиёт бошқармаси ва Тошкент давлат юридик университети билан ҳамкорликда айнан ушбу масалаларга бағишланган “Терговга қадар текширув фаолиятини такомиллаштириш масалалари” мавзусидаги илмий-амалий давра суҳбати ўтказилди.
Мазкур давра суҳбатида Бош прокуратура Академияси, Тошкент давлат юридик университети, Ички ишлар вазирлиги Академияси ҳамда Жамоат хавфсизлиги университетининг малакали профессор-ўқитувчилари, Давлат божхона қўмитасининг Суриштирув ва маъмурий амалиёт бошқармаси бошлиғи, Тошкент шаҳар божхона бошқармаси ҳамда “Тошкен-Аэро” ИБК суриштирувчи ходимлари иштирок этишди. Шунингдек ҳудудий бошқармаларнинг суриштирув ва маъмурий амалиёт бўлимлари ходимлари видеоконференция тизими орқали қатнашишди.
Давра суҳбати давомида маърузачилар томонидан жиноят-процессуал қонунчилигини терговга қадар текширув фаолиятини тартибга солувчи нормалари қўлланилишини доимий таҳлил қилиб бориш ҳамда жиноят ишини қўзғатиш босқичида шахс ҳуқуқ ва манфаатларини чекланишига йўл қўймаслик мақсадида терговга қадар текширув институтининг ҳуқуқий асосларини янада такомиллаштириш, ҳуқуқни қўллаш амалиётида ягона ёндашувни таъминлаш мақсадида услубий тавсиялар ишалб чиқиш лозимлиги хусусидаги таклифлар билдирилди.
Тадбир қизғин баҳс-мунозараларга бой тарзда ўтди, тадбирга жалб этилган суриштирувчилар, институт магистрант ва курсантлари ўзларини қизиқтирган саволларига мутахассислар томонидан жавоблар олдилар.
Тадбир якунида келгусида ҳам мазкур йўналишда ҳамкорликда иш юритиш, бундай давра суҳбатларини мунтазам равишда ўтказиб туришга келишиб олинди.
16.03.2022