Тошкент шаҳар божхона бошқармаси “Бош почтамт” божхона постида аниқланган навбатдаги ҳолатларда уддабуронларнинг бир қатор қинғирликлари фош этилди.
Жумладан, божхона постига курьерлик ташкилоти орқали келтирилган почта жўнатмаларига тегишли йўл юк ҳужжатларига босилган юк штампи ҳақиқийлиги текширув остига олинди.
Қарангки, ўтказилган экспертиза ҳам буни тасдиқлади, яъни, ҳужжатлардаги штамп излари пуркагичли принтерда қўл бола усулда босилганлиги маълум бўлди.
Шундан сўнг, почта жўнатмалари божхона назоратидан ўтказилганида эса жўнатмалар орасида ҳужжатларда қайд этилмаган, умумий қиймати 67 млн. сўмлик авто эҳтиёт қисмлар ва кийим-кечак товарлари борлиги маълум бўлди.
Навбатдаги 2 та ҳолатларда эса курьерлик жўнатмалари орасида божхона назоратидан яширилган ва хужжатларда кўрсатилмаган умумий қиймати 116,6 млн. сўмлик кийим-кечаклар борлиги фош бўлди.
Ҳозирда мазкур ҳолатлар юзасидан суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
14.03.2022