Шу мақсадда ҳозирда ҳар бир вилоятда алоҳида мактабни танлаб олиб, унда ўқувчиларни божхона соҳасига қизиқтиришга қаратилган алоҳида дастурлар ишлаб чиқилмоқда. Дастурга мувофиқ танланган мактабларда ёшларни божхона соҳаси билан яқиндан таништириш, унинг сиру асрорларини ўқувчилик йилларидан бошлаб ўргатишга қаратилган тарғибот тадбирлари олиб борилади.
Жумладан, Сурхондарё вилояти божхона бошқармаси томонидан Термиз шаҳридаги 18-сонли умумий ўрта таълим мактаби танлаб олиниб, ушбу мактаб ўқувчилари учун божхона соҳаси билан таништиришга қаратилган илк тадбир ўтказилди. Яъни, мактаб ўқувчилари учун Сурхондарё вилояти божхона бошқармасида “Божхоначи - шарафли касб” мавзусида очиқ эшиклар куни бўлиб ўтди.
Очиғи, бошқармага ўқувчиларнинг ташрифи илк бора ташкил этилаётгани боис божхона ходимларида ҳам, ўқувчиларда ҳам бирдек ҳаяжон кузатилди.
Тадбир аввалида ўқувчилар билан очиқ ва самимий суҳбат бўлиб ўтди. Бошқарма бошлиғи ўринбосари Ҳуршид Холбоев ўқувчиларга “Бўлажак ҳамкасбларим!” дея мурожаат қилганида, зал ёшларнинг гулдурос қарсакларига тўлди.
Божхона органларининг 30 йиллиги муносабати билан “Божхона заҳмати”, “Божхоначилар”, “Қаҳрамон божхоначилар хотираси” мавзуларида таниқли хонандалар томонидан ижро этилган қўшиқлар учун ишланган клиплар намойиши ўқувчиларда катта таассурот қолдирди.
Суҳбат давомида божхона мавзусида ўқувчиларнинг дунёқарашидан келиб чиқиб, ишлаб чиқилган саволлар викторинаси ҳам қизғин кечди. Ғолиб ўқувчиларга эса китобхонликни тарғиб қилиш мақсадида бадиий адабиётлар совға қилинди.
Тадбирнинг қизиғи эса ҳали олдинда – бошқарма ҳовлисида уларни божхона фаолиятига доир кўргазмали намойишлар кутмоқда эди.
Бу ерда ўқувчилар божхона назоратининг замонавий техник воситалари билан танишишди. Жанговар қурол-аслаҳаларни қўлларига олиб, ушлаб кўришар экан, божхонанинг заҳматини бир лаҳза бўлса-да, ҳис қилиб кўришди.
Кинологнинг буйруқларига сўзсиз итоат қилаётган хизмат итининг хатти-ҳаракатларини кўриб эса ҳам она табитга мухаббат, ҳам садоқат тушунчалари ўзлари учун қайта кашф қилишди. Ўқувчилар кўз олдида тўрт оёқли “ёрдамчи” яширилган гиёҳвандлик воситасини бир зумда топиб берди.
Хуллас, Сурхондарё вилояти божхона бошқармасида ташкил этилган ушбу тадбир ҳали бошланиши! Энди ўқувчилар йил давомида чегара-божхона ва ташқи иқтисодий фаолият божхона постларида, божхона омборларида бўлишади. Божхона ходимлари ҳам кунора мактабга келиб, ўқувчилар учун турли амалий қизиқарли машғулотлар ўтказишади.
Ажаб эмас, айни шу ўқувчилар орасидан эртага энг билимдон, профессионал божхоначилар етишиб чиқса!
13.03.2022