Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
“Андархон” чегара божхона постида махсус-тактик ўқув машғулоти бўлиб ўтди
1169
Бугунги кунда ядровий материаллар ва ионлаштирувчи нурланиш манбаларини ҳисобга олиш ва давлат реестрини юритиш қонун билан тартибга солинади. Шу сабабли радиоактив материалларни божхона чегараларидан ноқонуний олиб ўтилишининг олдини олиш, уни аниқлаш ва бу каби божхона қонун бузилиши ҳолатларига ўз вақтида чек қўйилишини таъминлаш мақсадида барча чегара божхона постларида замонавий радиоактив материалларни аниқлашга мўлжалланган радиацион портал мониторлар билан жиҳозланган.
“Андархон” чегара божхона постида махсус-тактик ўқув машғулоти бўлиб ўтди

Фарғона вилояти божхона бошқармаси “Андархон” чегара божхона постида “Санкцияланмаган ионлаштирувчи нурланиш манбалари ва портловчи моддаларни ноқонуний равишда божхона чегаралари орқали олиб ўтилишини олдини олишга  қаратилган ҳамкорликдаги таркибий тузилмалар билан икки босқичлик махсус-тактик ўқув машғулот бўлиб ўтди.

Мазкур ўқув машғулоти ионлаштирувчи нурланиш манбасини божхона назорати маскани орқали ноқонуний равишда четга олиб чиқишга уриниш ҳолати аниқланганда тизим таркибига кирувчи хизматларнинг ҳамкорликдаги ҳаракатларининг асосий механизмларини кўрсатиб бериш мақсадида ўтказилди.

Ўқув машғулотида дастлаб божхона ходими томонидан пост орқали чиқиш йўналишида ҳаракатланаётган автотранспорт воситасида ҳужжатларда кўрсатилмаган ионлаштирувчи нурланиш манбаси мавжудлиги аниқланди. Божхона ходими томонидан фуқаролар ҳамда автотранспорт воситаларининг дахлсизлигини таъминлаш мақсадида автомашина ва ҳайдовчи ҳоли ҳудудга ажратилган ҳолда, божхона ходимлари томонидан вазият тўғрисида ўрнатилган тартибда ҳамкорликдаги хизматларга, яъни Фавқулодда вазиятлар, Ички ишлар, Давлат хавфсизлик хизмати, Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси, Санитария эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги ва Миллий гвардия вилоят бошқармаларига хабар бериш, автомашинадаги манбанинг дахлсизлиги, хавфсизлигини сақлаш ҳамда дастлабки дозиметрияни амалга ошириш тадбирлари ташкиллаштирилди. Шундан сўнг, ҳамкорликдаги хизмат ходимлари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 15 октябрдаги 869-сонли “Радиациявий аварияларни прогнозлаштириш, барвақт аниқлаш ва ҳаракат қилиш ягона давлат тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари” қарорида белгиланган вазифаларни бажаришга киришдилар. Бунда асосий эътибор мамлакатимизнинг радиациявий хавфсизлигини таъминлаш, аҳоли саломатлиги ҳамда атроф муҳитга радиациявий зарар етишини олдини олишга қаратилди.

Мазкур ўқув машқида “Андархон” чегара божхона постида ионлаштирувчи нурланиш манбаси аниқланган автотранспорт воситаси ва унга туташ ҳудудлар муҳофазаланди ҳамда ҳудуд қўриқланди, ушбу ҳудуддан фуқаролар эвакуация қилиниб, аниқланган мазкур предметга аниқлик киритилиб тезкор тергов ҳаракатлари олиб борилди. Аниқланган ионлаштирувчи нурланиш манбаси пост ҳудудидан махсус воситалари билан олиб чиқиб кетилиб мазкур жараёнларда қатнашган барча фуқаролар радиацияга қарши ишловдан ўтказилди ҳамда уларнинг соғлигини назоратга олиш билан ўқув машғулотнинг биринчи босқичи якунланди.

Ўқув машғулотининг иккинчи босқичида “Андархон” чегара божхона пости орқали ҳаракатланган автотранспорт воситасида аниқланган портловчи модда ва уни зарарсизлантиришда тизимга кирувчи ҳамкор хизматлар ҳаракатига бағишланди.

Пост орқали ҳаракатланган автотранспорт воситалари белгиланган тартибда божхона ходими ва кинолог ҳамда унинг хизмат ити ёрдамида божхона назоратидан ўтказилганида, автотранспорт воситасида портловчи модда борлиги ҳақида хизмат ити белги бериши билан ўқув машғулоти бошланди. Постда автотранспорт воситасида портловчи модда борлиги ҳақидаги хабар зудлик билан тегишли ва ҳамкор ташкилотларга хабар берилди. Автотранспорт воситаси атрофи муҳофаза қилинди. Постга етиб келган махсус хизмат ходимлари махсус техник воситалари билан автотранспорт воситасини кўздан кечириб зарурий тезкор чоралар кўрилди. Бунинг натижасида автотранспорт воситасидаги портловчи модда постнинг фуқаролар ҳамда автотранспорт воситаларидан ҳоли ҳудудига олиб борилиб зарарсизлантирилди.

Махсус-тактик ўқув машғулотларининг мунтазам ўтказилиб турилиши ходимларнинг бундай вазиятларда ҳамкорликда тўғри ва ишончли ҳаракат қилишлари учун муҳим бўлган тажриба шаклланишига олиб келади. Бу эса ўз навбатида мамлакатимизга радиоактив материаллар ва портловчи моддаларнинг ноқонуний олиб кирилишини олдини олишга ҳамда хавфсизликни таъминлашга хизмат қилади.  

 

 

12.03.2022

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг