Учрашувларда, тадбиркорлар олдида турган муаммолар ўрганилиб, бартараф этиш чоралари кўрилмоқда. Шунингдек, божхонада тадбиркорларга яратилган енгилликлар, бу енгилликлардан самарали фойдаланиш юзасидан тушунтиришлар берилмоқда.
Қарши шаҳридаги “Sulton tex group” корхонаси пахта хом ашёсидан сифатли тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқариш борасида бой тажрибага эга корхоналардан саналади.
Корхонанинг трикотаж маҳсулотлар ишлаб чиқариш тармоғи 2019 йилда фаолиятини бошлаган. Айни кунда пахта хом ашёсидан тайёр маҳсулотлари ишлаб чиқарилмоқда.
Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, юртимизда ёшлар ва хотин-қизлар манфаатларини таъминлаш, уларни ижтимоий ва моддий томондан қўллаб-қувватлаш борасида зарур чоралар кўрилмоқда. Ушбу корхона мутасаддилари ҳам Қарши шаҳри ва атрофида истиқомат қилаётган ёшлар ва хотин-қизларни доимий иш билан бандлигини таъминлашда ўзларининг муносиб ҳиссаларини қўшмоқда.
- Корхонамизда 400 нафардан зиёд ишчилар меҳнат олиб бормоқда, - дейди корхона мутаҳассиси Дилноза Карвонова, – Шундан 350 нафари хотин-қизлардан иборат. “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари”га кирган хотин-қизларни ишга қабул қилиб, улар учун даромад манбаи яратиб беряпмиз. Ходимларимиз томонидан сифатли ва экспортбоб маҳсулотлар тайёрланмоқда. Маҳсулотларимизнинг 95 фоизини хорижга экспорт қилаяпмиз.
Ўз фаолиятини бугунги кун талабларига мослаштира олган ушбу корхонага Хитой Халқ Республикасидан келтирилган замонавий ускуна ва жиҳозлар ўрнатилган. Ҳозирда бу технологиялар тўлиқ қувват билан ишлаши натижасида қўшимча иш ўринлари яратилди. Асосийси, корхонанинг экспорт салоҳияти ошди. Жорий йилнинг ўтган даврида корхона томонидан 635 минг АҚШ долларилик маҳсулотлар Россия ва Европа давлатларига экспорт қилинмоқда.
11.03.2022