Жумладан, яқинда Тошкент давлат иқтисодиёт университети ва Австриянинг Krems амалий фанлар университети қўшма таълим дастури Foundation курсининг бир гуруҳ фаол талабалари божхона қўмитасининг Марказий божхона лабораторияси фаолияти билан яқиндан танишишди.
Жаҳон божхона ташкилотининг минтақавий мақомини қўлга киритган ушбу лабораторияда товарларнинг божхона экспертизаси амалга оширилади. Бунинг учун лабораториянинг барча хоналари Жаҳон божхона ташкилоти стандартлари асосида етакчи ишлаб чиқарувчиларнинг энг замонавий юқори технологик, юқори аниқликка эга ускуналари билан жиҳозланган.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 10 сентябрдаги “Божхона тартиб-таомилларини соддалаштириш ва давлат божхона хизмати органлари ташкилий тузилмасини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги ПФ-6310-сон Фармониги биноан Марказий божхона лабораторияси Давлат божхона қўмитаси тизимида алоҳида юридик шахс мақомига эга бўлди.
Эндиликда Марказий божхона лабораторияси никотин сақловчи маҳсулотлар ва спиртли ичимликлар таркибини аниқлаш, товарларни экспертизадан ўтказиш ва сертификациялаш билан боғлиқ бўлган бошқа хизматларни кўрсатиш, гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва бошқа турдаги криминалистик суд экспертизаларини амалга ошириш имкониятига эга бўлди.
Учрашувда талабалар ўзларини қизиқтирган саволларга божхона мутахассисларидан батафсил жавоблар олишди.
10.03.2022