Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Давлат божхона қўмитасида Тожикистон элчиси билан учрашув бўлиб ўтди
1828
Давлат божхона қўмитасида Тожикистон Республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси Абдужаббор Раҳмонзода билан учрашув бўлиб ўтди.
Давлат божхона қўмитасида Тожикистон элчиси билан учрашув бўлиб ўтди

Учрашувда Давлат божхона қўмитаси Раиси Акмалхўжа Мавлонов сўнгги йилларда Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан олиб борилаётган фаол ташқи сиёсат доирасида энг аввало қўшни давлатлар, шу жумладан Тожикистон билан ўзаро ҳамкорлик стратегик шериклик даражасига кўтарилганини мамнуният билан қайд этди.

Айниқса, 2018 йил 1 мартдан бошлаб, мамлакатларимиз ўртасида виза тартибининг бекор қилиниб, 10 дан зиёд чегара-ўтказиш пунктлари фаолиятининг қайта тикланиши иккала мамлакат халқлари учун тарихий аҳамият касб этди.

Ҳозирда Ўзбекистон-Тожикистон ўртасида савдо-иқтисодий ҳамкорлик ва ўзаро ташқи савдо айланмаси юқори суръатларда фаоллашмоқда. Саноат, энергетика, қишлоқ хўжалиги, транспорт, туризм ва бошқа устувор соҳалардаги лойиҳаларни изчилик билан давом эттириш эса иккала мамлакат божхона хизматлари ўртасидаги ҳамкорликка узвий боғлиқ.

Учрашувда элчи Ўзбекистоннинг Тожикистон билан чегарадаги божхона постларидаги мавжуд замонавий шарт-шароитларни алоҳида эътироф этди. Шунингдек, Тожикистон томонидан коронавирус пандемияси муносабати билан чегара-ўтказиш пунктларида жорий қилинган чекловлар жорий йилнинг 15 мартидан бошлаб бекор қилинаётганини билдирди.

Учрашувда божхона соҳасида икки томонлама ҳамкорликнинг муҳим йўналишлари ва истиқболдаги режалар, хусусан, гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний айланмаси ва божхона қонунбузилиши ҳолатларига қарши курашишда самарадорликни янада ошириш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.

Учрашув якунида элчи А.Раҳмонзода самимий учрашув учун миннатдорчилик билдирар экан, ўзаро ишончга асосланган божхона соҳасидаги бу каби ҳамкорлик келгусида иккала мамлакат ўртасидаги дўстлик, савдо-иқтисодий алоқаларни янада мустаҳкамлашга хизмат қилишини таъкидлади.

Учрашувдан сўнг Тожикистон Республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси, жаноб Раҳмонзода пойтахтимиздаги Миллий кинология марказида бўлди.

Жаҳон божхона ташкилотининг минтақавий мақомига эга бўлган мазкур марказда ҳозирда гиёҳвандлик воситалари, қурол-яроғ, ўқдори, портловчи моддалар, мина, валюта қимматликлари, тамаки маҳсулотлари, ўсимлик уруғлари, психотроп ва кучли таъсир қилувчи дори воситаларини қидириш каби қатор йўналишларда кинологлар ва хизмат итлари тайёрланади.

Ташриф доирасида Миллий кинология марказида тайёрланаётган хизмат итларининг кўргазмали чиқишлари намойиш қилинди.

10.03.2022

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг